БИР САФДА

оммавий-ижтимоий ва адабий-бадиий журнал

Дастлаб сўзга чиққан ЎзР Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат-нотижорат ташкилот (ННТ)лари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди эксперт гуруҳи раҳбари У. Абдуллаев ННТлар, шу жумладан, ЎзКОЖ ташкилотларининг грант танловларидаги иштироки хусусида тўхталди. Унинг маълумот беришича, 2008 йилдан буён ушбу фонд томонидан юртимиздаги ННТларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишга қаратилган дастурларини амалга ошириш, уларнинг ижтимоий ёрдамга муҳтож кишиларга моддий-маънавий хизмат кўрсатишига кенг йўл очиш, аҳолининг тиббий, ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, айниқса, ёшларнинг илмий-техникавий, ижодий ва интеллектуал салоҳиятини рағбатлантириш мақсадларига йўналтирилган грант лойиҳалари танлови ўтказиб келинмоқда. Биргина 2013 йилда фонд эълон қилган 7 та грант танловига 700 дан зиёд ННТлардан 910 та лойиҳа тақдим этилди. Шундан 255 таси Парламент комиссияси томонидан маъқулланиб, уларда кўрсатилган тадбирларни амалга ошириш учун давлат бюджетидан 3 млрд. 510 млн. сўм маблағ ажратилди. Бу 2012 йилга нисбатан молиялаштирилган лойиҳалар сони 20,8, сарфланган харажатлар миқдори қарийб 25 фоизга ошганлигидан далолатдир.

Жамоат фондининг грант танловларида қатнашиб, ғолиблар сафидан ўрин олиб келаётган ННТлар орасида ЎзКОЖ ҳудудий ва маҳаллий ташкилотларининг борлиги қувонарли. Жумладан, 2010 йилда Қашқадарё ВБнинг 8, 2011 йилда ЎзКОЖ МБнинг 14,7, Гулистон ШТнинг 5,2, Қорақалпоғистон РБнинг 14,8, Сурхондарё ВБнинг 14,5 млн. сўмлик лойиҳалари амалга оширилган. 2012 йилда эса Наманган, Бухоро, Тошкент ВБлари, Қоракўл, Бўка ТТларига тегишли жами 70 млн. сўм миқдоридаги 5 та лойиҳа муваффақиятли якунланган. 2013 йилда Қашқадарё ВБнинг кўзи ожизлар учун спорт клубини очиш, Косон ТТнинг жамият аъзолари меҳнатда бандлигини таъминлашга қаратилган умумий қиймати 15,3 млн. сўмлик грант дастурлари амалиётга татбиқ қилинган. Мухтасар айтганда, ўтган даврда ЎзКОЖ ташкилотлари томонидан жамоат фонди танловларида 12 та лойиҳа учун йўналтирилган умумий маблағ 154,2 млн. сўмни ташкил этади. 2008 – 2013 йиллар давомида фонд тарафидан ННТларнинг ижтимоий бизнес режаларини амалга ошириш учун қарийб 37 млрд. сўмдан ортиқ маблағ ажратилганини эътиборга олсак, ЎзКОЖнинг бу хил тадбирларда фаоллашиши лозимлиги аён бўлади. Жорий йилда ННТлар ўртасида яна 5 та грант танлови ўтказилиши мўлжалланган. Шундай экан, тизимимиздаги корхона, ташкилот ва муассасалар айни жараёнда кўзи ожизлар ижтимоий реабилитациясига доир лойиҳалари билан фаол иштирок этишлари талаб этилади. Маълумот ўрнида айтиш жоизки, жамоат фондининг грант танловларида илк бор ғолиб чиққан ташкилотлар лойиҳа мақсадларини бажаришга ажратиладиган маблағнинг 10, иккинчи марта бу борада муваффақиятга эришганлар 30, учинчи маротаба бундай имкониятни қўлга киритганлар 50 фоизини ўз ҳисобларидан сарфлашлари лозимлиги белгилаб қўйилган.

         “ННТлар фаолиятининг ҳуқуқий-меъёрий асослари” мавзусида маъруза қилган Республика Адлия Вазирлиги бош маслаҳатчиси З. Маҳмудов ЎзР Президентининг 2013 йил 12 декабрдаги “Фуқаролик жамияти институтларини ривожлантиришга кўмаклашиш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 2085-сонли ҳамда унга илова сифатида қабул қилинган Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 10 мартдаги 57-сонли қарорларида белгиланган вазифалар хусусида атрофлича маълумот берди. Мазкур меъёрий ҳужжатлар ННТлар фаолиятини ташкиллаштириш билан боғлиқ ҳуқуқий механизмларни янада такомиллаштиришга хизмат қилади. Шу асосда Вазирлар Маҳкамаси томонидан “Нодавлат-нотижорат ташкилотларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисида”, “Нодавлат-нотижорат ташкилотлари рамзларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисида”ги Низомлар ишлаб чиқилиб, амалиётга татбиқ этилди. Шунга кўра, 2014 йилнинг 1 январидан бошлаб ННТларни давлат рўйхатидан ўтказишда улар томонидан тўланадиган давлат божи илгаригига нисбатан беш баробарга камайтирилиб, республика тузилмаларига энг кам ойлик иш ҳақининг 4, вилоят миқёсидаги ташкилотлар учун 2 баравари миқдорида белгиланди. Ногиронларнинг республика жамоат бирлашмалари адлия рўйхатидан ўтиш аввалида давлат божининг 50 фоизи, яъни амалдаги энг кам ойлик иш ҳақининг 2 бараварини тўлашлари лозим. Ҳудудий бўлимлар эса бундай мажбуриятдан озод қилинган. Янги тартибга кўра, эндиликда ННТларнинг Устави, таъсис ҳужжатлари фақат ўзбек тилида расмийлаштирилади ва улар нотариал идоралар тасдиғидан ўтказилмайди. Жамоат бирлашмаларининг давлат рўйхатидан ўтиш ҳақидаги мурожаатлари Адлия органлари томонидан олдингидек икки ойда эмас, балки бир ой ичида кўриб чиқилиб, сўровни қаноатлантириш ёки рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинади. Шунингдек, юқоридаги норматив ҳужжатларда юридик шахслар олти ой мобайнида банк ҳисоботлари бўйича молиявий хўжалик фаолиятни амалга оширмаган тақдирда уларни тугатиш учун асос бўлувчи “Фуқаролик Кодекси”нинг 53-моддасидаги қоида жамоат ташкилотларига нисбатан қўлланмаслиги қатъий белгиланган. Эндиликда Адлия вазирлиги ваколат доирасига давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари томонидан ННТлар фаолиятига тегишли соҳалар бўйича йўл қўйилган қонун бузилиш ҳолатларини бартараф этиш ва назорат қилиш вазифаси киритилди. Илгари ННТлар томонидан ўтказилган ҳар бир тадбир ҳақида Адлия органларига йиллик маълумотлардан ташқари чораклик ҳисоботлар ҳам тақдим этиларди. Вазирлар Маҳкамаси қарорига асосан ушбу тартиб бекор қилиниб, эндиликда жамоат ташкилотлари йил бошида тегишли Адлия бошқармаларига режалаштирилган оммавий-ташкилий, маданий-маърифий тадбирлар номи, ўтказилиш вақти, уларни молиялаштирувчи манбалар ҳақида тўлиқ ахборот беришлари лозим. Шунингдек, ННТлар раҳбар органларини янгидан тасдиқлаш ёки унинг таркибига ўзгартириш киритиш тўғрисидаги масала кўриб чиқилган йиғилиш баённомаси ҳам тақдим қилиниши зарур.

ЎзРнинг “Нодавлат-нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги Қонунида   жамоат бирлашмалари меъёрий ҳужжатларда белгиланган талабларга тўла риоя қилишлари кўзда тутилган. Адлия органлари томонидан бу борада жойларда ўтказилган текширув натижаларига кўра, айрим ННТлар фаолиятида чет эл ташкилотларидан нақд пул кўринишида грант ва молиявий кўмаклар олиш, маҳаллий солиқ, статистика органлари рўйхатидан ўтмасдан иш юритиш, ходимлар билан меҳнат шартномаларини нотўғри тарзда расмийлаштириш каби қатор қонунбузарликларга йўл қўйилгани аниқланди. Шундай экан, ЎзКОЖ ташкилотлари ҳам ташкилий-ҳуқуқий фаолиятларини юқоридаги ҳукумат қарорларида акс этган мезонлар асосида тартибга солиш чораларини кўришлари талаб этилади. Аввало, жойлардаги ҲБлар ҳамда юридик шахс мақомидаги, яъни алоҳида банк ҳисоб рақами, мол-мулки, оператив бошқарув ҳуқуқига эга бўлган МТлар тегишли Адлия бошқармаларида қайта давлат рўйхатидан ўтишлари зарур. Бу борада МБ томонидан ташкилотларни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида намунавий шаклда низом тайёрланиши керак бўлади.

Семинарда қатнашган ЎзР Солиқ Қўмитаси қошидаги Солиқ маслаҳатчилари ташкилоти раҳбари Ш. Маҳамедов амалдаги қонунчиликда ногиронлар ва улар фаолият юритувчи корхона, муассасалар учун белгиланган солиқ имтиёзлари тўғрисида сўз юритди. Таъкидланишича, республикамизда солиқнинг умумлаштирилган ва соддалаштирилган турлари мавжуд. Умумлаштирилган тизим “Солиқ Кодекси”да белгиланган барча тўловларни ўз ичига олади. Соддалаштирилгани эса улар ўрнига ягона солиқ учун ҳамда пенсия фондига амалга ошириладиган тўловлардан иборат. Бу икки тизим корхона, ташкилот ва муассасалардаги ишчи-хизматчилар сонига қараб ўзаро фарқланади. Масалан, соддалаштирилган солиқ тўловчи мақомига эга бўлиш учун ходимлар сони савдо соҳасида 10, сервисда 25, ишлаб чиқаришда 100 кишидан ошмаслиги талаб этилади. Улар сони ушбу меъёрдан ортиб кетган тақдирда корхона ва ташкилотлар умумлаштирилган солиқ тизимига ўтказилади. Ҳар иккала турда ҳам ишчи-ходимларнинг 50 фоизини ногиронлар ташкил этса, хизмат кўрсатиш ва ишлаб чиқариш субъектлари қўшилган қиймат, фойда, мулк, инфратузилма солиқларидан озод қилинади. Ушбу имтиёз савдо-сотиқ соҳасига ихтисослашган корхоналар учун назарда тутилмаган. Шунингдек, I, II гуруҳ ногиронларининг маоши энг кам ойлик иш ҳақининг 4 бараварига етмаган тақдирда улар жисмоний шахсларга солинадиган даромад солиғидан озод қилинган. Уларнинг иш ҳақидан яна пенсия фондига 6,5 фоизли тўлов амалга оширилади. Якка ёки оилавий тадбиркорлик билан шуғулланувчи ногиронлар маҳаллий солиқ органига ҳар ой умумбелгиланган суғурта бадалларининг камида 50 фоизини тўлашлари лозим.

ЎзР Президентининг 2013 йил 25 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2014 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва давлат бюджети параметрлари тўғрисида”ги ПҚ-2099-сонли қарорига мувофиқ “Солиқ Кодекси”нинг айрим бандларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Хусусан, унинг 275-моддасига кўра, жорий йилнинг 1 апрелидан бошлаб I, II гуруҳ ногиронларининг тасарруфида бўлган уй-жой учун мол-мулк солиғи солинмайдиган майдон 60 кв. м ҳажмида белгиланди. Соддароқ айтганда, жисмоний имконияти чекланган шахслар эндиликда ўз турар жойларига тегишли умумий ер майдонининг 60 кв. мдан ортиқ қисми учун йилига бир марта мол-мулк солиғини тўлайдилар. Солиқ кодексининг 290-моддасига мувофиқ I, II гуруҳ ногиронлари ер солиғидан буткул озод қилинган.

Тадбирда иштирок этган Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти Тошкент шаҳар бўлими мутахассислари айни ташкилот фаолиятининг мақсад-вазифалари ҳақида йиғилганларга қисқача маълумот бердилар. Ушбу институт фаолиятига 2003 йилда асос солинган бўлиб, у 2011 йилда такомиллаштирилган тарзда қайта ташкил этилган. Мазкур илмий-амалий тадқиқот маркази ННТларни оммавий-ташкилий, маданий-маърифий, спорт-соғломлаштириш, реабилитация тадбирларини уюштириш тартибига доир зарур қўлланмалар билан таъминлаш, уларга ҳуқуқий маслаҳат хизматини кўрсатиш, шунингдек, жамоат бирлашмаларининг давлат органлари билан ижтимоий ҳамкорлигини ривожлантириш йўналишларида иш юритади. Маълум бўлишича, ҳозирда юртимизда қарийб 6,5 мингта, биргина Тошкент шаҳрининг ўзида 402 та нодавлат-нотижорат ташкилотлари рўйхатга олинган. Мустақил мониторинг институти ННТлар фаолиятини ҳуқуқий жиҳатдан такомиллаштиришга доир ҳукумат қарорларининг жамоат бирлашмалари томонидан бажарилиш ҳолатини назорат қилади ҳамда бу борада уларга зарур тавсиялар беради. Айни мақсадда институтнинг жойлардаги бўлинмалари томонидан тегишли давлат идоралари билан ҳамкорликда ижтимоий-сиёсий мавзуларга бағишланган давра суҳбатлари уюштириб борилади. Шу билан бирга мазкур ташкилот ННТлар фаолиятига оид соҳалардаги мавжуд муаммоларни ҳукумат органларига тегишли тартибда етказиш вазифасини ўтайди. ЎзКОЖ ҲБлари, МТлари замонавий тарзда иш юритиш, ижтимоий соҳаларда жамият аъзолари манфаатини ҳимоя қилиш мақсадида мазкур институтнинг ҳудудий бўлимлари билан яқин ҳамкорлик ўрнатишлари лозим.

Йиғилишда ЎзР Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати И. Насриев, Нодавлат-нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси бошқаруви раиси ўринбосари М. Тошхўжаева, Республика Бош Прокуратураси масъул ходими Ш. Усмонов, шунингдек, Тошкент шаҳар Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш бошқармаси, Молия вазирлиги қошидаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси тасарруфидаги тиббий-меҳнат эксперт комиссияси мутахассислари сўзга чиқиб, кўриш бўйича ногиронлар учун тиббий, касбий, ижтимоий соҳаларда яратилган имтиёзларни амалиётга кенг татбиқ этиш, ННТлар фаолиятида қонунийликни таъминлаш масалаларига иштирокчилар эътиборини қаратди. Мухтасар айтганда, мазкур семинар ҲБ масъулларининг ҳуқуқий билимларини бойитиш, фаолият қирраларини кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этади.

Икром РАЖАБОВ.

Изох қўшиш

Химоя коди
Янгилаш