БИР САФДА

оммавий-ижтимоий ва адабий-бадиий журнал

Дастлаб ЎзКОЖ МБ раиси ўринбосари А. Мирҳамидов Жамиятнинг XVI Қурултойи Қарорларида белгиланган устувор вазифалар, шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 10 мартдаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ишини янада такомиллаштиришга қаратилган 57-сонли қарори ва унга илова қилинган махсус Низом талабларидан келиб чиққан ҳолда тизимдаги ташкилотлар фаолиятини тартибга солувчи асосий қоидалар мажмуи бўлмиш ЎзКОЖнинг янги таҳрирдаги Устави хусусида тўхталди. У ўз сўзида Низом комиссияси томонидан қайта кўриб чиқилган ва Қурултойда қабул қилинган ушбу меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатга киритилган қўшимча ва ўзгартишлар ҳақида батафсил маълумот берди.  

Ҳозирда ташкилотлараро маълумот алмашиш жараёнида замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланилаётгани ҳеч кимга сир эмас. Улар у ёки бу ахборотни қабул қилиш, тезкор равишда узатишда қулай восита ҳисобланади. Қолаверса, кўришда нуқсони бўлган инсонларда бу технологияларни қўллаш имкониятининг мавжудлиги, ЎзКОЖ тизимида ҳам барча ҲБлар компьютерлар билан таъминланиб, уларнинг электрон манзиллари яратилгани аҳамиятли ютуқлардан саналади. Эндиликда маҳаллий бўлинмаларни компьютерлаштириш даврнинг муҳим тақозоси эканлигини қайд этган Тошкент ШБ йўриқчиси Ў. Тошхўжаева ҳозирда шаҳардаги 6 та қуйи ташкилот ўз фаолиятида айни технологиядан фойдаланаётгани, ШБ томонидан 10 та ТТнинг электрон манзиллари яратилганини айтиб ўтди. У интернет тармоғининг афзалликларига тўхталар экан, электрон ёзишмалар олиб бориш, ҳисоботлар жўнатиш, интерактив хизматлар ва махсус дастурлардан фойдаланиш имкониятини кенгайтиришда, мавжуд муаммоли масалаларни ҳал қилиш юзасидан ижроси таъминлаши керак бўлган ҳужжатлар олди-бердисини амалга оширишда яқиндан ёрдам беришини алоҳида таъкидлади. Замон талабидан келиб чиққан ҳолда ушбу қулайликни амалиётда жорий этиш учун барча МТлар компьютерларга эга бўлишлари, фаолларимиз электрон тизимда ишлаш, интернет тармоғидан фойдаланиш малакасини пухта ўзлаштиришлари зарур.

Семинарда яна МТларда ҳужжат юритиш ишларини тўғри йўлга қўйиш, кейинчалик кўзи ожиз бўлганлар ва ёшлар билан кўпроқ ҳамкорлик ўрнатиш, уларнинг ижтимоий ҳаётда фаол иштирок этишларига кўмаклашиш, овозли дастурларда ишлай оладиган кўриш ногиронларини маҳаллий ташкилотлар ва бошқарувларга ишга жалб қилиш, жамиятдошларимизни  “Бир сафда” журналида эълон қилинаётган долзарб мақолалар билан таништириб бориш, улар иштирокида тегишли мавзулар юзасидан муҳокама-мунозаралар уюштириш кабилар йиғилганлар диққат марказида бўлди. Унда Миробод-Бектемир туманлараро ташкилоти раиси О. Фармонов, Олмазор ТТ раиси вазифасини бажарувчи А. Абдуқодиров, Мирзо Улуғбек ТТ етакчиси С. Хўжаев ва бошқалар сўзга чиқиб, қонунчиликда имконияти чекланган инсонлар учун белгиланган ҳуқуқ ва имтиёзларни амалиётга самарали татбиқ этиш, кўриш ногиронларининг ҳаётий эҳтиёжларини янада кенгроқ кўламда қондириш масалаларига иштирокчилар эътиборини қаратди. Айни чиқишлар бўйича кечган савол-жавоблар жараёнида А. Мирҳамидов ЎзКОЖ МБ томонидан жамиятдошларимизнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, юқорида зикр этилган айрим муаммоли ҳолатларни бартараф этиш юзасидан тегишли ташкилотлар билан иш олиб борилаётганини қайд этди.

Йиғилиш қатнашчилари фаолияти билан яқиндан танишган Сирғали ТТ 1982 йили ташкил этилган бўлиб, мазкур маҳаллий бўлинмага 2010 йил март ойидан буён Абдуманноб Фаттоҳов бошчилик қилиб келмоқда. Ташкилотнинг саъй-ҳаракати билан туманда яшовчи 103 нафар жамият аъзосига уларни ижтимоий, моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш борасида маҳаллий давлат идоралари ва ҳомийлар кўмагига таянган ҳолда баҳоли қудрат ёрдам кўрсатилмоқда. Жамият аъзоларининг ТТ йиғинларида қатнашиши яхши йўлга қўйилган бўлиб, унга ҳар пайшанба камида 30-40, байрамларда эса 70-80 нафар киши ташриф буюришини кузатиш мумкин. МТ фаолларининг жонкуярлиги, раҳбариятнинг интилувчанлиги ва тадбиркорлиги туфайли Сирғали ТТ идораси ҳомийлар маблағи ҳисобидан замонавий компьютер, юмшоқ мебель, тадбирлар ўтказиш учун овоз кучайтиргич, “Совпластитал” корхонасида ишлаб чиқарилган стол-стуллар ва бошқа зарур жиҳозлар билан таъминланди. Йиғилишлар зали 50-60 киши сиғадиган даражада кенгайтирилиб, бинонинг электр тармоғи, иситиш тизими тубдан янгиланишига эришилди. Шунингдек, кўзи ожизларга ижтимоий ёрдам кўрсатиш имкониятларини кенгайтириш, бошқа харажатларни қоплаш мақсадида хусусий тадбиркорлар билан ўрнатилган манфаатли ҳамкорлик асосида ТТ биносидаги бўш хоналардан омилкорлик билан фойдаланилиши ҳисобига ойига 400 – 600 минг сўм миқдорида даромад қилинмоқда.  

 Айтиш лозимки, сирғалилик жамиятдошларимизнинг маърифий эҳтиёжларини қондириш, маънавий дунёсини бойитишга ҳам катта эътибор берилмоқда. Ҳар ойда 4 маротаба жамият аъзолари иштирокида газетхонлик ва журналхонлик кечалари, турли соҳа мутахассислари билан учрашувлар ўтказиб турилади. Фаол жамоатчилардан бири С. Аҳмедова кўмагида газеталар мутолаасидан баҳраманд бўлинади. МТга Қ. Каримбеков каби таниқли шарҳловчилар, малакали ҳуқуқшунослар таклиф этилиб, сиёсий, ҳуқуқий мавзулар хусусида савол-жавоблар, халқ табобати академияси аъзоси М. Миршарипов ҳамда 37-оилавий поликлиника шифокорлари билан саломатликка оид суҳбатлар ўтказилгани, 30 нафар жамият аъзоси иштирокида ботаника боғига саёҳат уюштирилгани, байрамларда кўзи ожизлар учун мунтазам равишда тўкин дастурхон тузалиб, хайрия маҳсулотлари ва маблағлари ҳисобига бепул лотерея ўйинлари ташкил қилинганини мисол тариқасида айтиш мумкин. Юқорида санаб ўтилган тадбирларнинг амалга оширилишида яқин кўмакчи бўлган Ҳ. Мадаминов, А. Рустамбеков, Т. Йўлдошев, М. Усмондиёров каби илғор жамоатчилар номи ҳурмат билан тилга олинади. Уларнинг меҳнатини қадрлаган ҳолда 20 нафар фаол жамият аъзолари суратларидан иборат “Фахрийлар” стенди, ТТда бўлиб ўтган маданий-маърифий тадбирлардан олинган расмлар асосида эсдалик фотоальбоми тайёрлангани эътиборга моликдир.

Пойтахтдаги МТлар масъулларининг ҳуқуқий билимларини бойитиш ва касбий малакасини оширишга қаратилган юқоридаги семинарда таъкидланганидек, Тошкент ШБ тизимидаги барча маҳаллий бўлинмалар фаолиятини қониқарли, улардаги молиявий ресурсларни етарли деб бўлмайди. Шундай экан, қолган тузилмалар мутасаддиларини ҳам илғор МТлар тажрибасидан ибрат олган ҳолда замонавий тарзда иш юритиш, ижтимоий соҳаларда жамият аъзолари манфаатини кенг кўламда ҳимоя қилиш мақсадида тегишли маҳаллий ҳокимликлар, идора ва муассасалар, тадбиркорлар билан мустаҳкам ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишга чорлаб қоламиз. Бунга ўхшаш тадбирларнинг келгусида ҳам давом эттирилиши жамият аъзоларининг ижтимоий фаоллигини оширишда муҳим аҳамият касб этишига ишонамиз.

Қудрат ОЧИЛОВ.

    

 

 

Изох қўшиш

Химоя коди
Янгилаш