БИР САФДА

оммавий-ижтимоий ва адабий-бадиий журнал

ЎзКОЖ МБ томонидан турли халқаро ташкилотлар билан ўрнатилган яқин алоқалар натижасида юртимиздаги нафақат ёшлар, балки ўрта ва катта ёшли дарддошларимизнинг ҳам компьютер бўйича саводхонлик даражасини ўстириш, бу борада улар учун махсус ўқув марказларини ташкил этиш, дарс берувчи тренерлар касбий малакасини оширишга қаратилган бир қатор йирик лойиҳа ва тадбирлар амалга оширилди. Ҳозирда ЎзКОЖ МБ, барча ҲБлар, тизимимиздаги аксарият корхона ва ташкилотлар компьютерлар билан таъминланиб, интернет тармоғига уланган. Қолаверса, мавжуд ўқув марказларида кўзи ожизларнинг соҳага оид билим ва кўникмаларини пухта ўзлаштиришлари учун шароитлар яратилмоқда. Шунинг ҳосиласи ўлароқ кўриш имконияти чекланган шахслар таълим ёки фаолият жараёнида замонавий ахборот технологияларидан мустақил ва самарали тарзда фойдаланиш даражасига эришмоқдалар.

Ўтган йилнинг сўнгги чорагида Қарши шаҳридаги ахборот-кутубхона марказида Қашқадарё ВБ, вилоят ахборот-кутубхона ҳамда махсус ахборот-ресурс марказлари ҳамкорлигида кўзи ожизлар ўртасида компьютер саводхонлиги бўйича республика кўрик-танлови ўтказилди. Жамият миқёсида илк бор уюштирилган мазкур тадбир турли ёшдаги кўриш бўйича ногиронларнинг замонавий ахборот технологияларини ўрганишга бўлган қизиқишини ўстириш, айни соҳада етишиб чиқаётган билимдонларни аниқлаб, уларни моддий-маънавий жиҳатдан рағбатлантириш, қолаверса, кенг жамоатчилик эътиборини компьютер илмини эгаллаш йўлидаги муаммолар ечимига қаратиш мақсадларига йўналтирилгани билан муҳим аҳамият касб этди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқарувларининг жами 15 нафар вакили компьютер ва интернетда мустақил ишлаш бўйича ўз қобилиятларини намойиш қилдилар.

         Тадбир доирасида ЎзКОЖ раҳбарияти, ҲБлар раислари, Республика кўзи ожизлар кутубхонаси ва унинг жойлардаги бўлимлари, жамиятга қарашли компьютер ўқув марказлари ходимлари, шунингдек, Қашқадарё вилоятига дахлдор давлат ва нодавлат ташкилотлари вакиллари ҳамда бир гуруҳ ёшлар иштирокида “Кўриш имконияти чекланган шахсларни компьютер саводига ўргатиш: муаммо ва ечимлар” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда дастлаб сўзга чиққан ЎзКОЖ раиси А. Абдунабиев жамият аъзолари орасидан компьютер йўналишида етишиб чиқаётган юксак иқтидор эгаларининг келажакда айни соҳа бўйича етук мутахассислар сифатида шаклланишига, дарддошларимизнинг замонавий ахборот технологиялари билан мулоқотини кенгайтиришга йўналтирилган танловлар ҳудудий ва маҳаллий ташкилотлар миқёсида мунтазам ўтказиб турилишига ишонч билдирди.

         Кўриш имконияти чекланган кишиларга компьютер илмини ўргатишнинг ҳозирги аҳволи хусусида тўхталган ЎзКОЖ раиси ўринбосари А. Мирҳамидовнинг маълумот беришича, бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Бухоро, Наманган, Самарқанд, Сирдарё, Сурхондарё, Қашқадарё вилоятлари ва Тошкент шаҳар бошқарувлари, шунингдек, Кўзи ожизлар марказий кутубхонаси қошида компьютер ўқув марказлари очилган. Қолаверса, юртимиздаги кўзи ожиз болалар интернат-мактабларининг аксарияти махсус компьютерлар билан жиҳозланган. Аммо ҳозирда ушбу имкониятлардан самарали фойдаланиляпти, деб бўлмайди. Биргина Тошкент шаҳридаги иккита ўқув марказида иш тўғри ташкил қилинмагани оқибатида салкам икки йилдан буён ўқув жараёнлари тўхталишга юз тутган. Аввало, жойлардаги марказларда фаолият узлуксизлигини таъминлаш мақсадида интернат-мактаблар, ўрта махсус ва олий таълим муассасалари ҳамда ЎзКОЖ корхона ва ташкилотларида кўзи ожизлар ўртасида тегишли тарғибот ишларини олиб бориш, дарс сифатини яхшилаш учун машғулотларга четдан малакали мураббийларни жалб этиш, уларнинг кўриш бўйича ногиронлар билан ишлаш кўникмаларини шакллантириш юзасидан зарур тавсияларни ишлаб чиқиш талаб этилади. Шунингдек, тренерлар меҳнатини моддий жиҳатдан рағбатлантириш, мавжуд компьютерларнинг узоқ муддат хизмат кўрсатишини таъминлаш масалалари ҳам долзарблигича қолмоқда. Ушбу муаммоларни ҳал қилишда маҳаллий ва халқаро хайрия ташкилотлари билан ҳамкорликни янада кенгайтириш, грант маблағларини қўлга киритиш ёинки ўқув марказларида компьютер ва интернетдан фойдаланувчиларга пулли хизмат кўрсатишни жорий этиш, ҳеч бўлмаганда катта ёшли кўриш ногиронларини ойлик тўлов асосида ўқитишни йўлга қўйиш мақсадга мувофиқдир.

         2012 йилда ЎзКОЖ МБнинг юртимизда яшовчи кўзи ожизлар ҳаёти, жамият фаолиятига оид маълумотларни ўз ичига олган “o’zkojmb.uz” интернет саҳифаси очилган эди. Аммо унинг ишлаш давомийлиги баъзи ташкилий сабабларга кўра узоққа чўзилмади. Ҳозирда ушбу сайтни қайта тиклаш зарурати мавжуд. Чунки у орқали жамият корхоналарида тайёрланаётган маҳсулотларни реклама қилиш, ЎзКОЖ ҳамда унинг аъзолари қўлга киритаётган ютуқлар, дуч келаётган муаммолар ечимига омма эътиборини қаратиш ва бошқа масалаларни ҳал қилиш имкониятлари кенгаяди.

         Республика Кўзи ожизлар марказий кутубхонаси директор ўринбосари Г. Бердимбетова ўз чиқишида кўзи ожизларнинг компьютер илмини эгаллашларига кўмаклашиш борасида ЎзКОЖ билан ҳамкорликда амалга оширилаётган ишлар хусусида тўхталди. Унинг қайд этишича, ҳозирда юртимизда 2 та республика, 12 та вилоят ва 67 та туман кўзи ожизлар кутубхоналари фаолият юритаётган бўлиб, шундан 14 таси тўлиқ, қолганлари қисман компьютер технологиялари билан таъминланган. 2009 йилда Жаҳон банки ҳамда БМТ тараққиёт дастури АКСЕС лойиҳаси томонидан республика марказий кутубхонасига кўриш имконияти чекланган кишиларнинг замонавий техника воситаларидан фойдаланишларига қулайлик яратиш мақсадида 10 дона махсус компьютер жамламалари, заиф кўрувчилар учун матнни катталаштириб кўрсатувчи “TOPAS”, ясси ёзувдаги китобларни бевосита электрон шаклга ўтказиб, овозли ўқиш имконини берувчи “Sara”,битта дискдан бир вақтнинг ўзида 9 та нусха кўчирувчи қурилмалар тақдим этилди. Ҳозирда ушбу қулайликлардан кўзи ожиз китобхонлар бепул фойдаланиб келмоқдалар. 2010 йилда бу ерда иш бошлаган ўқув марказида дастлаб жойлардаги зиё масканлари ходимларига компьютер саводхонлиги бўйича таълим берилган бўлса, кейинчалик бир неча бор пойтахтдаги олий таълим муассасалари кўзи ожиз талабалари учун 6 ойлик ўқув курслари ташкил этилди. Сўнгги пайтларда ёшларни айни таҳсил жараёнларига жалб этиш суст кечмоқда. Республикамизда мавжуд вилоят ва туман махсус ахборот-ресурс марказлари моддий техник базасини мустаҳкамлаш орқали кўриш имконияти чекланган шахсларнинг компьютер илмини пухта ўзлаштиришларига ҳамда бу борада малакали тренерларнинг етишиб чиқишига замин яратиш лозимки, мазкур ислоҳотларни амалга ошириш ЎзКОЖ ва кўзи ожизлар ахборот-ресурс тузилмаларининг ўзаро ҳамкорликдаги фаол саъй-ҳаракатларига бевосита боғлиқдир.

Самарқанд ВБ ҳузуридаги компьютер ўқув маркази раҳбари М. Қуддусова “Кўриш нуқсони бўлган кишиларнинг компьютер технологиялари билан мулоқотидаги техник имкониятлар: бугун ва эртага” номли маърузасида жаҳонда кўзи ожизлар учун қулай дастурий таъминотлар яратиш борасида олиб борилаётган сўнгги изланишлар хусусида сўз юритди. Унинг маълумот беришича, ўтган асрнинг 90-йилларида дунё кўзи ожизлари компьютер мўъжизасидан Жавс овозли дастури ёрдамида баҳраманд бўла бошлаган. 2000 йилга келиб унинг такомиллашган янги версиялари яратилди. Шунингдек, ўша даврда Европадаги машҳур компаниялар томонидан ишлаб чиқарилган 20, 40, 80 белгили PackMate, Tigr, Baum, Focusкаби брайлча дисплейлар, ҳарф ва белгиларни қоғозга бўртма шаклда чоп этувчи махсус принтерларнинг оммалашиши кўриш ногиронларининг компьютер имкониятларидан фойдаланиш самарадорлигини оширди. Кейинчалик жаҳонда кўзи ожиз компьютер мутахассислари сони ортиб бориши натижасида улар орасидан кўплаб дастурчилар етишиб чиқди. Жумладан, австралиялик Майкл Курэн томонидан 2005 йили НВДА номли экрандаги ёзувларни ўқувчи махсус дастур яратилди. Ушбу дастурнинг ишлаш тезлиги ҳам анча юқори. Ҳозирга қадар НВДА дастурининг 10 га яқин такомиллашган версиялари дунё юзини кўрди. Нафақат Европа, балки МДҲ давлатларида яшовчи дарддошларимиз ҳам унинг хизматидан самарали фойдаланиб келмоқда. Қайд этиш керакки, сўнгги 10 йил давомида дунёда кўзи ожиз компьютер ихлосмандлари учун кўплаб тифлодастур ва қурилмалар, махсус операцион тизим ишланмалари жорий қилинди. Хусусан, матнли файлларни овозли версияга ўтказувчи Balabolka, MaksReader дастурлари, Виндовс 4 – 8 тезкор тизимлари, Виндовс XP, Виндовс 7 тизимларининг лайф-дисклари амалиётга татбиқ этилди. Шу билан бирга машҳур веб-сайтларда кўзи ожиз мутахассислар томонидан турли мавзуларни қамраб олган бир нечта форумлар ташкил этилди. Vecra-list, Dialog, Home-helps каби маиший мавзудаги форум листлар, Тифлокомп, Кланго, Ventrilo, Теремок сингари овозли чат хизматлари фикримизни тасдиқлайди. Уларнинг айримлари ҳақида тўхталадиган бўлсак, Кланго овозли чат хизматидан рўйхатдан ўтган кўзи ожиз фойдаланувчилар компьютерга уланган микрофон орқали чатга ташриф буюрган кишилар билан бевосита мулоқот қилиш имконига эга бўладилар. Уни тўлиқ ишга тушириш учун ЖАВС иловасига махсус скриптларни киритиш лозим. Қулай дастурлардан яна бири Теремок овозли чатидир. Унга аъзо шахслар бу ерда жойлашган турли йўналишдаги комната (хона)лардан бирига кириб, мавжуд хизматлардан фойдаланишлари мумкин. Чатдаги маълум хоналарда турфа мавзуларда суҳбатлар, чет тилларини ўрганиш имконини берувчи масофали дарслар, янги иловалар, тифлоқурилмалар намойиши ўтказиб турилади. Ҳозирда юртимиз кўзи ожизлари ҳам ушбу интернет дастурининг фаол аъзолари ҳисобланишади.

Бугунги кунда ЎзКОЖ аъзоларининг компьютердан хабардорлик даражаси анча ошганлиги сезилади. Аммо ҳали бу борадаги мавжуд вазиятни қониқарли деб бўлмайди. Гап шундаки, кўзи ожизларга болаликдан айни соҳага оид билимлар етарли равишда сингдирилмаяпти. Улар мустақил ҳаётга қадам қўйгандан кейингина компьютер саводини ўзлаштиришга интилмоқдалар. Таълим ёки фаолият жараёнида дарддошларимиз замонавий технологиялар воситасида иш юритиш бўйича соғлом инсонларга қараганда анча орқада қолаётгани сир эмас. Демак, интернат-мактабларда кўзи ожиз болалар учун индивидуал тартибда ўқитувчи компьютер курсларини ташкил этиш давр талабидир.

Тадбирда мавзунинг педагогик жиҳатларига эътибор қаратган Қашқадарё вилоят 18-кўзи ожиз болалар интернат-мактаби математика фани ўқитувчиси Қ. Мажидовнинг таъкидлашича, дарддошларимиз компьютер технологияси ёрдамида матн ёзиш, китоб ўқиш, аудио ва видео форматдаги маълумотларни тинглаш, интернет орқали чексиз ахборот манбаидан баҳраманд бўлиш имконига эгадирлар. Шу ўринда ҳақли савол туғилади: Кўзи ожизларга компьютер сабоқларини қай тартибда ўргатиш афзал? Маълумки, педагогикада билим беришнинг бир неча шакл ва усуллари мавжуд. Кўриш ногиронлари учун компьютер бўйича дарс машғулотлари ҳар бир гуруҳда ўқувчилар сони 6 нафардан ошмаган тарзда оғзаки, ёзма ва амалий услублардан фойдаланган ҳолда олиб борилиши мақсадга мувофиқдир. Дастлаб мураббийлар томонидан ўрганувчиларнинг компьютер ҳақидаги умумий тасаввурлари шакллантирилади. “Гапирувчи” дастурлардан асосан клавиатура ёрдамида фойдаланилиши боис тренерлар, энг аввало, ўқувчиларга ундаги клавишларнинг жойлашиш ўрни ва вазифаларини ёд олдиришлари, ҳар бир бармоқ ўзига тегишли бўлган тугмани ишга туширишига оид қоидаларни пухта ўргатишлари лозим. Шунингдек, улар кўзи ожизларнинг компьютерга оид билимларни ўзлаштириш имкониятларига мос тарзда дарс режаларини ишлаб чиқишлари, ўқувчиларнинг топшириқларни мустақил бажариш жараёнини назорат қилиб боришлари зарур. Эслатиш жоизки, бунда ҳар бир машғулот икки соатдан ошмаслиги талаб этилади. Бундан ташқари, сабоқлар жараёнида компьютерга хос хусусиятларни кўзи ожизлар тасаввур қила оладиган элементлар билан боғлиқ ҳолда ўргатиш ижобий натижа беради. Масалан, компьютердаги папка ва файлларнинг бир-биридан фарқланишини тушунтириш учун тингловчига бир нечта қисмлардан таркиб топган электрон кўринишдаги папка турфа хил предметлар жойланадиган, файл эса фақат бир турдаги буюмлар сақланадиган одатдаги сумкаларга ўхшаш экани уқтирилади.

2014 йилда Қашқадарё ВБ қошида ташкил этилган компьютер ўқув марказида тренерлар тайёрлаш мақсадида дастлаб 10 нафар кишига соҳага доир билим ва кўникмалар сингдирилди. Ҳозирда уларнинг кўпчилиги мураббийлик фаолиятини олиб бормоқда. Машғулотларда услубий қўлланма сифатида ЎзКОЖ МБ ташаббуси билан нашр этилган “Кўзи ожизлар учун компьютер сабоқлари” тўплами ҳамда ўрта мактабларнинг 7 – 9-синфлари учун мўлжалланган “Информатика” дарсликларининг брайлча вариантидан фойдаланилмоқда. Аммо айни соҳада ютуқлар билан бир қаторда амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар ҳам талайгина. Жамият тизимида кўп тармоқли тифлоахборот марказини ташкил этиш, кўзи ожизлар учун махсус сайтлар очиш, жойлардаги ўқув курслари фаолиятини такомиллаштириш баробарида тренерлар меҳнатини доимий равишда моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, шунингдек, Тошкент Ахборот технологиялари университети мутахассислари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш асносида “гапирувчи” компьютер дастурларининг ўзбек тилидаги варианти яратилишига эришиш шулар жумласидандир.

Сурхондарё ВБ раиси Э. Норпўлатов кўзи ожизлар реабилитацияси ва ижтимоий интеграциясида замонавий ахборот технологияларининг ўрни хусусида тўхталар экан, бугунги кунда Сурхондарё ва Қашқадарё ҳудудларида яшовчи кўриш ногиронларининг атиги 1,5 фоизи ўз шахсий компьютерига эгалигини таъкидлади. Корхона, ташкилот ва муассасаларда ёхуд интернет кафеларида ушбу техник восита хизматидан фойдаланувчилар 12-13 фоизни ташкил этади. Демак, жамият аъзолари ўртасида компьютер бўйича саводхонлик даражасини янада ошириш лозимки, ушбу йўлдаги ҳаракат уларнинг соғломлар билан тенг имкониятлар доирасида билим олиш, замонавий касб-ҳунарларни эгаллашларига замин яратади. Тадбирда яна ҲБ етакчиларидан К. Шералиев, Ж. Раҳматов, Қ. Шаропов, З. Раҳимова, Бухоро вилоят кўзи ожизлар кутубхонаси директори А. Ўроқов ва бошқалар сўзга чиқиб, жамият тасарруфидаги корхона ва қуйи ташкилотларни давр талабига мувофиқ компьютер воситалари билан таъминлаш, дарддошларимизни компьютер ўқув марказларига янада кўпроқ жалб этиш, қолаверса, айни марказларга эга бўлмаган ҲБлар моддий техник базасини мустаҳкамлаш орқали улар қошида ҳам худди шундай ўқув муассасаларини ташкил қилиш   зарурлигини уқтирдилар. Ўйлаймизки, мазкур давра суҳбатида илгари сурилган жамият фаолияти, кўзи ожизлар ҳаётида замонавий ахборот технологиялари ролини кучайтириш борасидаги қимматли ғоя ва таклифлар яқин келажакда ўз амалий инъикосини топади.

Компьютер саводхонлиги бўйича республика кўрик-танлови тафсилотларига келсак, унинг аввалида барча иштирокчилар ушбу ахборот технологиясида мустақил ишлаш юзасидан маҳорат дарсларига жалб қилинди. Шундан сўнг қатнашчилар Жавс фор Виндовс, Неро дастурлари, браузер ва принтерга эга компьютерларда танлов шартларини бажаришга киришдилар. Бунда уларнинг ҳар бир топшириқни овозли дастур ёрдамида, яъни экрандаги белгиларни визуал идрок этмасдан бажаришлари қатъий назоратга олинди.   Танлов низомига кўра, ҳар бир шарт ижроси учун 10 дақиқадан вақт ажратилиб, уни муддатидан олдин уддалаган иштирокчиларга қўшимча баллар тақдим қилинди. Дастлаб уларнинг Ворд дастурида ишлаш, яъни берилган матнни компьютерга рисоладагидек киритиш ва уни принтердан чиқариш бўйича билимдонлик ва тезкорлик даражаси синовдан ўтказилди. Ушбу топшириқни аксарият қатнашчилар қисқа фурсат ичида тўлиқ бажаришга эришдилар. Айниқса, самарқандлик Ф. Ҳалимов, Тошкент шаҳридан У. Маматхонов, фарғоналик Б. Болтабоев, Сурхондарёдан А. Аннақулов ва қашқадарёлик Ҳ. Муродовлар бу борада фаоллик намуналарини кўрсатдилар. Тошкент, Жиззах вилоятларидан келган вакиллар эса белгиланган вақт давомида кичик ҳажмдаги матнни электрон кўринишга келтиришнинг уддасидан чиқа олишмади. Шунингдек, айрим иштирокчилар ёзма нутқида имловий хатолар кузатилганига қарамай, уларнинг компьютерда ҳарф териш борасидаги тезкорлик кўникмаларини ижобий баҳолаш ўринлидир.

Компьютердан фойдаланувчи ҳар бир шахс, шу жумладан, кўзи ожизлар ҳам кундалик иш жараёнида диск ёки флешкартадан керакли маълумотларни кўчириб олиш ҳамда уларга турли кўринишдаги ахборотларни юклаш амалларини бажаришлари маълум. Албатта, бундай пайтда кишидан етарли кўникма ва уддабуронлик талаб қилинади. Танловнинг электрон матнни Неро дастури ёрдамида СД форматдаги дискка кўчириш шартини тез ва сифатли бажаришда Қорақалпоғистон, Самарқанд, Сирдарё ва қашқадарёлик вакилларга тенг келадигани топилмади. Зеро, улар ушбу вазифа ижроси учун бор-йўғи икки дақиқа вақт сарфладилар, холос. Бошқа иштирокчилар ҳам бу борада қониқарли натижа қайд этган бўлсалар, аммо Бухоро, Жиззах, Навоий, Тошкент вилоятларидан ташриф буюрган вакиллар Неро дастурида ишлаш малакасини етарлича ўзлаштирмаганлари оқибатида маълумотларни белгиланган тартибда дискка жойлаштира олмадилар.

Танловнинг навбатдаги шартлари кўзи ожизларнинг интернет хизматидан фойдаланиш бўйича лаёқатини аниқлашга қаратилди. Бунда улар уяли алоқа компанияларига тегишли флешмодемлар орқали белгиланган электрон манзилга хабар йўллаш ҳамда интернетдан бирон-бир маълумотни олиб, компьютер хотирасига жойлаштиришга уриндилар. Маълумки, бугунги кунда интернет тармоғи соғлом кишилар қатори кўзи ожиз ёшларнинг ҳам фаол ҳаракат майдонига айланган. Шунга кўра, юқоридаги вазифаларни бажариш аксарият иштирокчилар учун у қадар қийинчилик туғдирмади. Таассуфки, флешмодемларда антеннанинг йўқолиб қолиши оқибатида айрим қатнашчилар интернет билан боғлиқ амалларни бажаришда жиддий муаммоларга дуч келдилар. Шу боис келгусида айни йўналишдаги танловларда интернет билан ишлашга тааллуқли шартлар компьютерга телефон сими орқали уланувчи ташқи модемлар воситасида амалга оширилишини таъминлаш мақсадга мувофиқдир.

Кўрик-танлов якунида ҳакамлар ҳайъати томонидан ғолиб ва совриндорлар номи эълон қилинди. Унга кўра, Фарғона ВБ йўриқчиси Б. Болтабоев 62 балл тўплаб мутлақ ғолибликка эришди. Қорақалпоғистондаги кўзи ожиз болалар махсус интернат-мактаби ўқитувчиси А. Дўстжонов ҳамда Қарши шаҳридаги турдош таълим муассасаси муаллими Қ. Мажидов 61 баллдан жамғарган ҳолда 2, 3-ўринларни қўлга киритдилар. Шунингдек, қашқадарёлик умидли ёшлардан Ҳ. Муродов (59 балл) ва Р. Фармонов (55 балл)лар рағбатлантирувчи ўринга муносиб кўрилди. Ғолибларга тадбир ташкилотчилари томонидан таъсис этилган диплом ва пул мукофотлари топширилди. Умид қиламизки, келгусида жамиятимиз миқёсида компьютер билан мулоқот соҳасидаги билим ва маҳорат намойишига бағишланган танловлар анъанавийлик касб этади.

Икром РАЖАБОВ.

 

 

Изох қўшиш

Химоя коди
Янгилаш