БИР САФДА

оммавий-ижтимоий ва адабий-бадиий журнал

 

Истиқлолнинг 23 йиллик байрами шукуҳи кезиб юрган паллаларда, яъни жорий йилнинг 10-11 сентябрь кунлари Янгийўлдаги Юрак ва асаб касалликлари сиҳатгоҳида қадрдон жамиятимизнинг навбатдаги XVI Қурултойи бўлиб ўтди. Унда 14 та ҳудудий конференцияларда сайланган 91 делегатдан 89 нафари иштирок этди. Вакиллар ижтимоий таркиби таҳлили шуни кўрсатадики, уларнинг 74 нафари эркаклар, 15 нафари аёллар, 55 таси олий, 22 нафари ўрта махсус, 12 таси ўрта маълумотли шахслар ҳисобланади. Анжуман ишида ЎзР Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги бошқарма бошлиғи Б. Шаропов, Тошкент вилояти Янгийўл тумани ҳокими Р. Норбўтаев, Республика кўзи ожизлар махсус ахборот-ресурс маркази директори Г. Бердимбетова, Ўзбекистон Карлар жамияти раиси Ж. Рисқиев, шунингдек, Бутунжаҳон Кўзи Ожизлар Уюшмаси Ижроия Қўмитаси аъзоси, ОКОУ вице-президенти, Қирғизистон Кўзи ожизлар ва карлар жамияти президенти Қ. Мамбетохунов ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари меҳмон сифатида иштирок этди.

Қурултойда делегатлар томонидан жами 8 та, яъни ЎзКОЖ МБнинг 2009 йил 1 июлдан 2014 йил 1 июлгача бўлган муддатдаги ялпи фаолияти, Марказий назорат-тафтиш комиссияси (МНТК)нинг айни даврда олиб борган текширув ишлари юзасидан ҳисоботи, жамият Уставига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш, янги муддат учун ЎзКОЖ раиси, ЎзКОЖ МБ аъзолари, МНТК раиси ва аъзолари ҳамда устав комиссияси таркибини сайлаш масалалари муҳокама этилди. Дастлаб ўтган 5 йил давомида жамият миқёсида амалга оширилган оммавий-ташкилий, молиявий-иқтисодий, маданий-маърифий, спорт-соғломлаштириш, реабилитация соҳаларидаги ишлар юзасидан ЎзКОЖ раиси А. Абдунабиевнинг маърузаси тингланди. Унда қайд этилишича, 2009 йил 1 июль ҳолатида жамиятнинг 189 та маҳаллий ташкилотида 36 минг 367 нафар кўриш бўйича ногиронлар рўйхатга олинган бўлиб, уларнинг 23 минг 667 нафари ЎзКОЖ аъзолари ҳисобланган. 5 йил муддат ичида жами 9116 нафар кўриш имконияти чекланган шахслар аниқланиб, шундан 3364 нафари ЎзКОЖ аъзолигига қабул қилинган. Турли сабабларга кўра, шу даврда 5726 киши жамият ҳисобидан чиқарилган. Натижада 2014 йил 1 июль ҳолатида мавжуд 184 МТда 39 минг 757 нафар кўзи ожиз ҳисобда турган бўлиб, уларнинг 22 минг 991 таси жамият аъзоларидир. ЎзКОЖ аъзоларининг 11 минг 805 нафари кўриш бўйича I, 11 минг 105 таси II гуруҳ ногиронлари, 81 нафари соғломлар, 13 минг 418 нафари эркаклар, 9573 таси эса аёллар ҳиссасига тўғри келади. Уларнинг аксарият қисмини 30 – 50 ёш оралиғидаги кишилар ташкил этади. Жамият аъзоларидан 2002 киши олий, 3924 киши ўрта махсус, 11 минг 734 киши ўрта, 531 шахс бошланғич маълумотга эга. Шунингдек, ҳозирда 18 ёшгача бўлганларнинг 3470 нафари турли ўқув муассасаларида таълим олмоқда. Кўриниб турибдики, жамият сафи йилдан-йилга ёш ва билимли аъзолар билан бойиб бормоқда. Аммо ҳисобот даврида тизимимизда кўзи ожизларни аниқлаш ва жамиятга жалб этиш борасида олиб борилган саъй-ҳаракатларни қониқарли деб бўлмайди. Чунки республика Тиббий-меҳнат эксперт комиссияси маълумотига кўра, 2014 йил 1 январь ҳолатида юртимизда 53 минг 545 нафар кўриш бўйича ногирон рўйхатга олинган бўлиб, ЎзКОЖ МТларида ҳисобда турганлар сони ва ушбу рақам ўртасида тафовут бирмунча юқоридир. Бундайин номувофиқликка барҳам бериш учун келгусида ЎзКОЖ фаоллари жойлардаги ТМЭКлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва соғлиқни сақлаш муассасалари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш, бу борада тезкор ахборот алмашиш тизимини йўлга қўйиш, қолаверса, кўзи ожиз ёшлар ўртасида жамият тарғиботи тадбирларини кучайтиришга эътибор қаратишлари лозим.

         Маълумки, ишлаб чиқариш соҳаси жамият фаолиятининг муҳим тармоғи ҳисобланади. Ҳисобот даврида ЎзКОЖ ЎИЧКлари ва шўъба корхоналарида жами 93 млрд. 301 млн. 297 минг 600 сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, унинг реализация таннархи 78 млрд. 137 млн. 688 минг 700 сўмга тенг бўлган. Ўтган давр ичида жамият корхоналарида 29 минг 444 тонна пахта маҳсулотлари, 1874,6 тонна ип-калава, 43 минг 367 дона миллий кўрпа, 87 минг 827 дона тўшак, 43 минг 782 дона ёстиқ, 2 млн. 233 минг 236,6 погонометр бўз, 1 млн. 934 минг 184,5 погонометр нотўқима мато, 8 млрд. 892 млн. 776 минг 300 сўмлик тикув маҳсулотлари, шунингдек, чўтка, пластмасса, картон ва бошқа турдаги халқ истеъмоли моллари тайёрланган. ЎзКОЖ миқёсида сўнгги 5 йилликда 15 млрд. 804 млн. 257 минг 880 сўмлик ялпи даромад, 5 млрд. 137 млн. 707 минг 30 сўмлик соф фойда қўлга киритилиб, ялпи рентабеллик даражаси ўртача 17,23 фоизни ташкил этган. Ушбу рақамлар 2009 йилги кўрсаткичларга нисбатан анча юқоридир. Корхоналарнинг молиявий аҳволига даврий харажатларнинг кўплиги салбий таъсир кўрсатмоқда. Ўтган даврда шундай харажатлар сифатида 14 млрд. 424 млн. 463 минг 400 сўм маблағ сарфлангани эътирозга лойиқдир. Таассуфки, охирги 5 йилликда тизимдаги Каттақўрғон, Чирчиқ, Шаҳрисабз, Поп каби ЎИЧКларда маҳсулот тайёрлаш, кўзи ожизларнинг меҳнатда бандлигини таъминлаш, МБ олдидаги мажбуриятларни адо этиш борасида деярли ижобий силжиш кузатилмади. Нукус, Термиз, “Тикув-Зиё-Файз”, Чўтка, Кармана корхоналарида эса МБ раҳбарияти томонидан кадрларнинг оқилона танланиши натижасида инқирозли ҳолат барҳам топиб, иқтисодий фаолияти тубдан яхшиланиши, Ғиждувон, Бухоро, Андижон ЎИЧКларида маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми юқори даражада ўсишига эришилди. Шунга қарамай, кўзи ожизларнинг меҳнатда бандлик даражасини ошириш масаласи ҳамон долзарблигича қолмоқда. Ҳозирда иш билан банд 2826 нафар кўриш имконияти чекланган шахсларнинг 2413 нафари ЎзКОЖ тизимида фаолият юритмоқда. 5 йил давомида 238 кўзи ожиз ишга жойлаштирилган бўлса, шундан 126 нафаригина жамият корхоналари ҳиссасига тўғри келади.      

Ҳисобот даврида маданий-маърифий, спорт-соғломлаштириш соҳаларида белгиланган режалар тўлиқ уддаланди. МБ Раёсати ташаббуси билан ЎзКОЖ корхоналари директорлари, ҲБ ва МТлари раисларининг билим ва малакасини оширишга қаратилган 14 та ўқув семинари ташкил қилинди. Шунингдек, нуфузли давлат идоралари ва ННТлар, жумладан, Япониянинг “ЖАЙКА” халқаро ташкилоти билан ҳамкорликда кўзи ожизлар таълими, уларни касбга йўналтириш масалаларига бағишлаб 5 марта семинар-тренинг ва давра суҳбатлари уюштирилди. Ўз ўрнида 90 номда брайлча адабиётлар, 163 номдаги “гапирувчи” китоблар нашр этилгани ҳам жамиятдошларимизнинг маърифий эҳтиёжларини қондиришга ҳисса қўшди. Лекин кўриш бўйича ногирон болалар ўртасида спорт мусобақаларини ўтказиш бўйича анъаналар қайта тиклангани йўқ. Тизимимизда маданий-маърифий тадбирлар савиясини ўстириш, уларга замонавий руҳ бериш, кўзи ожизларнинг ахборот коммуникация технологияларидан самарали фойдаланишларини рағбатлантирувчи танловлар ташкил этиш, бунда тегишли вазирлик, идора ва жамоат бирлашмалари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш талаб этилади.

         Ўтган даврда ижтимоий йўналишда ҳам талай ютуқлар қўлга киритилдики, ЎзКОЖ МБга 52 млн. 80 минг сўмлик ҳомийлик маблағлари жалб қилингани бунинг бир далилидир. МБ томонидан ЎзКОЖ ҲБ ва МТлари орқали 42 минг 76 кишига 1 млрд. 597 млн. 284 минг 855 сўмлик моддий, 48 минг 865 кишига эса 193 млн. 489 минг 30 сўмлик ашёвий ёрдамлар кўрсатилган. 123 млн. 394 минг 785 сўмлик кийим-кечаклар тўплами жойлардаги кўзи ожизларга тарқатилган. Шунингдек,   жамият аъзолари 270 та махсус ёзув матрицаси, 4830 дона грифель ва йиғма ҳассалар билан таъминланган. Бироқ шуниси борки, ҳозиргача республикамизда кўзи ожизларга реабилитация воситалари таъминотида кўмаклашувчи тузилма мавжуд эмас. Ижтимоий муҳофаза тадбирлари ҳақида шуни айтиш мумкинки, жамият аъзоларининг соғликларини тиклаш мақсадида Янгийўл сиҳатгоҳига 644, санаторийларга 630, ҲБлар томонидан ҳомий ташкилотлар кўмагида турли дам олиш масканларига 731, болалар оромгоҳларига 955 та йўлланма ажратилган. Бундан ташқари, ўтган вақт ичида Қашқадарё, Сурхондарё, Фарғона ва Сирдарё ВБлари асосан четдан жалб қилинган маблағлар ҳисобидан енгил автомобиллар билан таъминланган. 127 та МТ бинолари жамият балансига олиниб, кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилган. Лекин айни пайтда ўз биносига эга бўлмаган маҳаллий ташкилотлар ҳам мавжуд. Боз устига 5 та корхона ижара тўловлари асосида фаолият юритмоқда. Қолаверса, ўз-ўзини мустақил равишда маблағ билан таъминлай оладиган маҳаллий ва ҳудудий ташкилотлар сони йилдан-йилга қисқариб бормоқда. Ҳозирда МБ томонидан 7 та ҲБга кам миқдорда бўлса-да, ҳар ойда молиявий дотация ажратиб келинмоқда. Ушбу маблағ миқдори йилига қарийб 90 млн. сўмни ташкил этмоқда. Юқоридагилардан кўриниб турибдики, тизимимизда ўрта ва қуйи бўғин фаолиятини сақлаб қолишнинг энг оптимал меъёрларини ишлаб чиқиш фурсати аллақачон етган. Бунинг учун янги молиявий манбаларни излаб топиш, жамият миқёсида иқтисодиётни замон талаблари даражасида ташкил этиш, уни оқилона бошқариш ва мувофиқлаштириш чораларини кўриш зарур.

         Кези келганда шуни айтиш лозимки, сўнгги 5 йилликда жамият фаолиятида грантлар билан ишлаш тажрибаси юқори босқичга кўтарилди. ЎзР Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг грант танловларида ЎзКОЖ МБнинг турли ижтимоий мақсадларга йўналтирилган 2 та, ҲБ ва МТларнинг 14 та лойиҳаси ғолиб чиқиб, бу борада улар томнидан 227 млн. 200 минг сўмлик маблағ ўзлаштирилди. Шу даврда тизимимизда хорижий донор ташкилотлари (ОКОУ, “ЖАЙКА”, “ТИКА”) кўмагида умумий қиймати 170 минг 257 АҚШ долларига тенг 6 та лойиҳа амалга оширилди. “ТИКА” ҳамда Германия халқаро ҳамкорлик ташкилотлари қўллаб-қувватлови асосида 326 млн. 743 минг 502 сўмлик замонавий ахборот технологиялари харид қилиниб, 8 та ҲБда кўзи ожизлар учун компьютер ўқув марказлари ташкил этилди. Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 11 июлдаги 190-сонли қарорига асосан, Хитой давлати ҳомийлигида қиймати 454 минг АҚШ долларига тенг яна бир йирик лойиҳа амалга оширилиши кутилмоқда. Унга кўра, юртимизда кўзи ожиз ва заиф кўрувчилар учун брайль ҳамда ясси ёзувда китоблар чоп этишга ихтисослашган босмахона ишга туширилиши мўлжалланган.

         Иккинчи масала юзасидан сўзга чиққан ЎзКОЖ МНТК раиси Қ. Ҳақбердиевнинг маълумот беришича, 2014 йилнинг 1 июль ҳолатига кўра, жамият тизимида 14 та ҲБ, 48 та ЎИЧК МЧЖ, сиҳатгоҳ, 2 та дам олиш маскани, “Бир сафда” журнали таҳририяти, “Санъат гулшани” маданият саройи, 3 та ёрдамчи хўжалик ҳамда ҲБ ва МТлар қошида 35 та шўъба корхонаси фаолият кўрсатиб келмоқда. Ҳисобот даврида ЎзКОЖ Устави талаблари асосида жойлардаги МТлар томонидан кўзи ожизларга 9761 та аъзолик гувоҳномаси тарқатилган. Шунингдек, жамият аъзоларидан жами 175 млн. 437 минг 529 сўмлик аъзолик бадаллари ундирилган. Айни муддат ичида ЎзКОЖ МБнинг 6 марта пленумлари ўтказилиб, уларда жамият ҳаётига тааллуқли 37 та масала муҳокама қилинган. МБ Раёсатининг бўлиб ўтган 64 та мажлисида 683 та қарор қабул қилиниб, уларнинг 625 таси тўла ижросини топган. Беш йил давомида жами 1785 киши МБ раҳбарияти қабулида бўлган. Бошқарув аппаратига фуқаролардан турли мазмундаги 190 та ариза ва шикоятлар келиб тушган. Уларнинг аксарияти ўрнатилган тартибда жавоб қайтарилган. Шу билан бирга, ўтган даврда ЎзКОЖ МБ ва унинг таркибий тузилмалари фаолияти ЎзР Бош Прокуратураси, Молия, Адлия, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирликлари, Солиқ инспекцияси ҳамда “Пахтасаноат” ОАЖ илмий маркази мутахассислари томонидан ўрганиб чиқилиб, ижобий баҳоланган. Аниқланган жузъий камчиликлар ўз вақтида бартараф этилган. Сўнгги 5 йил давомида ЎзКОЖ МБ ҳисоб рақами орқали 2 млрд. 429 млн. 501 минг 728 сўм кирим, 2 млрд. 432 млн. 904 минг 792 сўм чиқим амалга оширилган. МНТК хулосасига кўра, ЎзКОЖ МБнинг ҳисобот даврида олиб борган молиявий-хўжалик фаолияти ЎзР қонунлари ҳамда жамият меъёрий ҳужжатлари талабларига тўла жавоб беради.

         ЎзКОЖнинг амалдаги Уставига киритилган қўшимча ва ўзгартишлар тўғрисида маъруза қилган низом комиссияси раиси А. Алибековнинг билдиришича, Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 10 мартдаги нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини янада такомиллаштиришга қаратилган 57-сонли қарори ва унга илова сифатида тасдиқланган махсус Низом асосида ЎзКОЖ Уставини қайта кўриб чиқиш, унинг нормаларини юқоридаги меъёрий ҳужжат талабларига мослаштириш зарурати туғилди. Низом комиссияси томонидан қисқа вақт мобайнида ҲБлар орқали жойлардаги жамият аъзоларидан Уставга киритиладиган бошқа қўшимча ва ўзгартишлар бўйича ҳам таклифлар олиниб, атрофлича ўрганиб чиқилди. Амалдаги Устав бандма-банд ўқилиб, зарур қўшимчалар билан тўлдирилган ҳолда таҳрир қилинди. Ушбу ўзгартишларга нисбатан жамият фаолларининг фикрларини ўрганиш мақсадида унинг матни барча ҲБларга йўлланди. Билдирилган якуний мулоҳазалар асосида янги таҳрирдаги ЎзКОЖ Устави тайёрланди.

         Амалдаги жамият Устави жами 88 та ўзгартиш ва қўшимчалар билан бойитилди. Хусусан, унинг 4-бандида келтирилган жамият ташкилотларининг вазифалари қаторига меҳнат шароити одатдагича бўлган корхоналарда ишловчи кўзи ожизларга касб ўрганиш ва ўз малакасини оширишда ғамхўрлик қилиш, шунингдек, уларнинг компьютер саводхонлиги бўйича билим олишлари учун имконият яратиш кабилар киритилди. 9.7-бандда таъкидланган ЎзКОЖ МТ, ҲБ ва МБ раиси лавозимларига сайланувчи номзодларнинг ёш кўрсаткичлари олиб ташланиб, бунда асосан уларнинг жамият аъзолиги муддатларига урғу берилди. Шу билан бирга амалдаги Уставнинг 11-бандида кўрсатилган жамиятга аъзо бўлувчи фуқароларнинг кириш, ўқувчи ва талабаларнинг эса аъзолик бадалларини тўлаш шарти бекор қилинди. Уставнинг 28-бандида акс этган ЎзКОЖ Раисининг ваколатлари давр талаби асосида кенгайтирилди. Унда жамият раиси янги муддат аввалида МБ ходимларини меҳнат шартномасига мувофиқ ишга тайинлаши (ишдан озод этиши) ҳамда ҳисобот-сайлов конференцияларида сайланган ҲБ раислари билан меҳнат шартномалари тузиши, улар қайта сайланмаган ҳолларда шартномани бекор қилиши белгилаб қўйилди. ҲБ Раёсати иш кўлами 40.6-бандда ҳудудда тегишли корхоналарни ташкил этиш, уларнинг низомларни тасдиқлаш, 40.7-бандда эса кўргазмалар, тақдимотлар ва форумларни уюштириш сингари қўшимчалар билан бойитилди.

Вазирлар Маҳкамасининг 57-сонли қарори талабларига мувофиқ, ЎзКОЖ Уставининг тегишли бандларида ҳудудий ва маҳаллий ташкилотлар юридик шахс мақомига эга бўлишлари учун ўз низомлари орқали жойлардаги Адлия бошқармаларида давлат рўйхатидан ўтишлари зарурлиги қатъий белгилаб қўйилди. Дарвоқе, ЎзРнинг “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги Қонунига риоя қилинган ҳолда жамият Уставининг мазкур таҳририда қўлланилганига кўра, эндиликда ЎзКОЖнинг ҳудудий бошқаруви ҳудудий бўлим, маҳаллий ташкилоти маҳаллий бўлинма тарзида юритиладиган бўлди. ЎзКОЖ доирасида туманлараро бўлинмалар, шунингдек, истисно тариқасида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида 40 нафардан ортиқ талабалар бирлашгани тақдирда жамиятнинг алоҳида маҳаллий ташкилотлари ҳам таъсис этилиши мумкин. Уставга киритилган энг муҳим ўзгартишлардан бири 43-бандга тегишли бўлиб, унинг мавжуд 18 та кичик бандида ҲБ аппарати фаолиятини тартибга солувчи нормалар ўз аксини топган. 44-бандда жамият аъзоларининг энг кам сони аввалгидек 25 эмас, балки 40 нафарга етган тақдирда ҳудудларда маҳаллий бўлинмалар ташкил қилиниши қайд этилган. 46-бандда зикр этилишича, МТларда жамият аъзоларининг умумий йиғилишлари олти ойда эмас, балки йилига камида бир марта ўтказилиши лозим. 49.8-банд МТларнинг тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиши мумкинлиги ҳақидаги қўшимчалар билан тўлдирилган бўлса, ушбу қуйи ташкилотларнинг амалда бажариб келган кўзи ожизлар меҳнатда машғуллигини ошириш, улар ўртасида спорт ва маданий тадбирларни уюштириш, маҳаллий давлат органлари ва ННТлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, жамият аъзоларининг мурожаатлари билан ишлаш, шунингдек, ҳомийлик ёрдамларидан мақсадли фойдаланиш, МТ фаолияти юзасидан тегишли идораларга маълумот ва ҳисоботлар тақдим этиш билан боғлиқ вазифалари мазкур банднинг 11 – 16-кичик бандларида мустаҳкамлаб қўйилди. Шунингдек, Уставнинг 50-бандида МТ раиси ўз ваколати доирасида ташкилот ишига тааллуқли барча ҳужжатларни имзолаш ҳамда бўлинма миқёсида буйруқ ва фармойишлар чиқариш ҳуқуқига эга экани кўрсатиб ўтилди.

Уставнинг НТКлар фаолиятини ташкил этишга оид бандлари ҳам қайта кўриб чиқилар экан, назорат-тафтиш жараёнида комиссияларнинг тегишли жамият органлари билан бамаслаҳат иш тутиши лозимлиги урғуланди. Таъкидлаш жоизки, жамият фаолиятига доир асосий тартиб-қоидалар ўз ифодасини топган ЎзКОЖ Уставининг янги таҳрири 10 боб, 86 банддан иборат.

Юқоридаги маърузалар юзасидан савол-жавоблар жараёнида берилган маълумотларни умумлаштириб айтиш мумкинки, МБ томонидан ўтган 5 йил давомида иқтисодий имкониятдан келиб чиққан ҳолда кўзи ожизлар ўртасида спорт беллашувлари нисбатан камроқ ўтказилган. Гап шундаки, янги раҳбарият иш бошлаган 2009 йилда МБнинг умумий қарздорлиги 360 млн. сўмдан ортиб кетган эди. Қолаверса, бундан олдинги йилларда ЎзКОЖ миқёсида шахмат-шашка бўйича йирик мусобақалар, кўплаб маданий-маърифий тадбирлар, асосан, жамият биноларининг сотилиши эвазига топилган маблағлар ҳисобидан амалга оширилгани сир эмас. Дарддошларимизнинг ноанъанавий спорт турлари билан шуғулланишларига кенг йўл очиш мақсадида МБ томонидан яқин вақт ичида Республика Паралимпия Ассоциацияси, Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси ва бошқа дахлдор вазирлик ва идораларга ҳамкорлик қилиш бўйича бир неча бор расмий мурожаатлар йўлланган. Аммо бу борада мутасадди ташкилотлардан ижобий жавоб олинмаган. 

2010 йилдан бошлаб МБда баланс комиссияси йиғилишларини ўтказишга барҳам берилиб, корхона, ташкилот ва муассасалар раҳбарларининг сафар харажатлари учун жамият ҳисобидан ажратилувчи маблағлар тежалишига эришилди. МБ мутахассислари томонидан жойларда мавжуд вазият ўрганилиши натижаларига кўра, ҲБлар ва ЎИЧК МЧЖлар фаолияти бевосита раёсат мажлисларида режали тартибда муҳокама қилиб борилди. Келгусида замонавий технологиялардан фойдаланиш орқали тизимимизда сафар харажатларини янада камайтириш кўзда тутилган. Бундан ташқари, ЎзКОЖ раҳбарияти тарафидан тизимга қарашли ёрдамчи хўжаликлар фаолиятини жонлантиришга айрича эътибор қаратилди. Жумладан, бир пайтлар Тошкент вилоятидаги фермер хўжаликларига қўшиб юборилган экин майдонлари жамият балансига қайтариб олинишига эришилиб, ҳозирда ундан самарали фойдаланиш чоралари кўрилмоқда.

Анжуманда сўз олган ОКОУ вице-президенти Қ. Мамбетохунов, аввало, Қурултой иштирокчиларига қирғизистонлик жамият аъзолари номидан самимий қалб қутловларини йўллади. У сўнгги йилларда ЎзКОЖ иқтисодиётининг жадал суръатда ўсиб бораётгани, бу эса жамиятда кўриш имконияти чекланган шахсларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга замин яратаётганини эътироф этиб, ўзбекистонлик жамият аъзоларининг 2015 йил ёз мавсумида Иссиқкўлдаги пансионатда дам олишлари учун 3 минг АҚШ доллари қийматидаги 10 дона йўлланмани совға сифатида топширди. ОКОУ масъулининг маълумот беришича, бугунги кунда Бутунжаҳон Кўзи Ожизлар Уюшмасига 174 та давлат аъзо бўлиб, уларда қарийб 248 млн. кўриш бўйича ногирон истиқомат қилмоқда. Хусусан, Хитойда 12 млн., Россияда 270 минг, Тожикистонда 9700, Қирғизистонда 5600, Туркманистонда 1800 нафар кўзи ожиз яшайди. ОКОУ Яқин шарқ, Жануби-Шарқий ва Марказий Осиёдаги 24 та давлатни ўз атрофига бирлаштирган. Ушбу мамлакатлардаги кўзи ожизлар корхона ва ташкилотларини ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш масаласи йилдан-йилга долзарблик касб этиб бормоқда. Яқин ўтмишда Бутунроссия Кўзи Ожизлар Жамияти тасарруфида 183 та ЎИЧК фаолият юритган бўлса, ҳозирда улар сони 153 тага тушиб қолган. Айни хўжалик субъектларининг аксариятида молиявий қийинчилик ҳукм сураётгани боис яқин келажакда бундай корхоналарнинг аҳволи ўнгланиши савол остида турибди. Кўпгина давлатларда 40 ёшгача бўлган кўзи ожиз шахсларни жамиятга жалб этиш ишлари ҳам етарли равишда олиб борилмаяпти.

– Биз қай юрт вакиллари бўлишимиздан қатъи назар, бир-биримизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашимиз, атрофдагиларга яхшилик улашиб яшашимиз, мавжуд муаммоларни ҳамжиҳатликда ҳал қилишимиз зарур. Маълумки, 2009 йилга қадар ЎзКОЖ ва ОКОУ ўртасидаги муносабатлар анча заиф кўринишга келиб қолган эди. Жамият мутасаддилари томонидан уюшмага тегишли ҳисоботлар ўз вақтида топширилмас, молиявий-хўжалик фаолиятда кўплаб қоидабузарлик ҳолатлари кузатиларди. Янги раҳбарият иш бошлагач, жамият етакчиларининг саъй-ҳаракати туфайли ЎзКОЖнинг Осиё ва Жаҳон кўзи ожизлар ташкилотлари билан ижтимоий-иқтисодий алоқалари тикланишига эришилди. Эндиликда ушбу ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш лозим, – дея ўз мулоҳазаларини билдирди Қ. Мамбетохунов.

Музокараларда сўзга чиққан Қўнғирот ТТ раиси М. Қиличбоев МТлар қошидаги шўъба корхоналарининг самарали иш юритишига солиқ юкининг оғирлик қилаётгани, шу боис жамият билан ҳамкорлик қилишни истовчи тадбиркорлар учун тўловлар бўйича имтиёзлар жорий этилишини сўраб давлат органларига мурожаат қилиш зарурлигини таъкидлади.

 Самарқанддаги 59-кўзи ожиз болалар учун ихтисослаштирилган давлат таълим муассасаси ўқитувчиси А. Абдуллаевнинг билдиришича, имконияти чекланган юртдошларимиз нуфузли халқаро спорт мусобақаларида муваффақиятли иштирок этаётган бир даврда Ўзбекистон Миллий Паралимпия Ассоциацияси томонидан кўпинча ҳақиқий кўзи ожиз спортчи ёшлар бир четда қолиб, кўриш қобилиятида деярли нуқсони бўлмаган кишилар айни турнирларга жалб қилинаётгани ташвишланарлидир. Бундай пайтда жамият уларнинг бу борадаги ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоялаш йўлида зарур чоралар кўриши лозим. Акс ҳолда келгусида дарддошларимиз ўртасида паралимпия ўйинларини ривожлантириш ҳақида гапирмаса ҳам бўлади.

Хоразм ВБ раиси Ш. Валиев ЎзКОЖ ҳудудий ва маҳаллий ташкилотлари иқтисодий ҳолатини яхшилаш бўйича ўз таклифларини илгари сурди. Унинг таъкидлашича, жамиятга келиб тушган муайян мақсадларга йўналтирилувчи хайрия маблағларини ойлик маош ёки солиқ тўловларига ишлатиб бўлмайди. Шу важдан ижарага берилаётган корхоналар мулкидан олинадиган даромаднинг 40 ёки ҳеч бўлмаса, 25 фоизи ҲБларга ажратилса, жойлардаги бошқарувлар моддий имконияти бироз кенгаярди. Фақат ҳомийлик маблағларига кўз тикиб ишлаш жамият обрўсига тўғри келмайди. Бу борада ички имкониятлардан ҳам фойдалана билиш зарур.

Қарши ЎИЧК директори М. Аллаёровнингт эътирофича, кейинги пайтларда ЎзКОЖ корхона, ташкилот ва муассасалари билимли, малакали кадрларга катта эҳтиёж сезмоқда. Бозор иқтисодиёти талаблари ҳамда жамият Устави вазифаларини бажаришда раҳбар ходимлар ўртасида сиёсий, ижтимоий, иқтисодий мавзуларда семинар-тренинглар, ўқув машғулотларини тез-тез ташкил этиш лозим. Шунингдек, тизимимиздаги хўжалик субъектлари фаолиятини назорат қилиш, жамият олдида турган муаммоларни ҳал этишга кўмаклашиш учун МБ қошида тегишли йўналишлар бўйича жамоатчилик асосида ишлайдиган махсус комиссиялар тузилиши, улар томонидан ЎзКОЖнинг кўп йиллик ижтимоий тараққиёт дастурлари ишлаб чиқилиб, амалиётга татбиқ этилиши мақсадга мувофиқдир.

Музокараларда яна “Санъат гулшани” маданият саройи раҳбари Б. Ҳожиев, Тошкент шаҳридан Ш. Шофайзиев, Самарқанд ВБ раиси ўринбосари С. Пўлатов, Сараосиё ЎИЧК директори Ш. Ҳожиевлар сўзга чиқиб, сўнгги йилларда жамият ташкилотлари ва кўзи ожиз шахслар учун солиқ, коммунал ва бошқа ижтимоий соҳаларда имтиёзлар тобора камайиб бораётгани, тизимимиздаги аксарият корхоналар фақат пахта хом ашёсини қайта ишлашга боғланиб қолиши оқибатида уларда бир хил турдаги маҳсулотларни сотиш, кўриш бўйича ногиронларнинг меҳнатда бандлигини таъминлаш, модернизация тадбирларини амалга ошириш жараёнлари суст кечаётгани, қолаверса, кўпгина ҳудудларда дарддошларимиз оилалари авария ҳолатидаги умумий шароитли ётоқхоналарда яшаётгани, айрим ЎИЧКлар бинолари ҳам ўта таъмирталаб аҳволда экани, ЎзКОЖнинг давлат органлари, сиёсий партиялар ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлиги ривожланмаган тақдирда юқоридаги каби муаммоларни ички имкониятлар доирасида ҳал қилиш мушкуллигини уқтириб ўтдилар. Қурултой вакиллари томонидан ЎзКОЖ МБнинг 2009 – 2014 йиллардаги фаолияти қониқарли деб топилиб, МНТК далолатномаси тасдиқланди. Шунингдек, янги таҳрирдаги Устав лойиҳаси бир овоздан маъқулланди.

ЎзКОЖ раиси лавозимига мазкур вазифада ишлаб келган А. Абдунабиев, Наманган ВБ раиси К. Шералиев ва Сурхондарё ВБ етакчиси Э. Норпўлатов номзодлари қўйилди. Овоз бериш натижаларига кўра, Абдунабиев Абдуқаюм Воҳидович ЎзКОЖ раиси лавозимига қайта сайланди. У ўзига билдирилган ишонч учун Қурултой иштирокчиларига миннатдорчилик изҳор қилиб, келажакда жамият тараққиёти йўлида ҳамжиҳатликда фаолият юритилишига умид билдирди. Шунингдек, мажлисда 31 кишидан иборат ЎзКОЖ МБ аъзолари сайланди. Қуйида уларнинг рўйхати эътиборингизга ҳавола қилинади:

А. Абдунабиев – ЎзКОЖ МБ раиси; А. Абдукаримов – Андижон ВБ раиси; О. Абдуллаева – Пойариқ ТТ раиси; О. Абдураҳимов – Сирдарё ВБ раиси; Р. Асқаров Тошкент ШБ раиси; О. Аҳмаджонов – Самарқанд ВБ раиси; Н. Боймуродов – Сурхондарё вилоят кўзи ожизлар махсус ахборот-ресурс маркази директори; Ҳ. Боқиев – Косон ЎИЧК раҳбари; Ш. Валиев – Хоразм ВБ раиси; А. Мирҳамидов – “Бир сафда” журнали бош муҳаррири; М. Мўминова – Жалақудуқ ТТ раиси; Ш Назирова – Пискент ТТ раиси; Э. Норпўлатов – Сурхондарё ВБ раиси; И. Орипов – “Санъат гулшани” маданият саройи бадиий раҳбари; Ҳ. Пўлатов – Қашқадарё ВБ раиси; З. Раҳимова – Тошкент ВБ раиси; Ж. Раҳматов – Бухоро ВБ раиси; З. Ризаев – Навоий ВБ раиси; Ў. Тошхўжаева – Тошкент ШБ йўриқчиси; Қ. Шаропов – Қорақалпоғистон РБ раиси, К. Шералиев – Наманган ВБ раиси; К. Элмуродов – Кармана ЎИЧК директори; С. Эргашева – Жиззах вилоят Маданият ва аҳоли дам олиш маскани директори; Э. Юсупов – Фарғона ВБ раиси; С. Ўринов – Ғиждувон ЎИЧК директори; М. Қиличбоев – Қўнғирот ТТ раиси; С. Қодирова – ЎзКОЖ фахрийси; А. Қўлдошев – Фарғона ЎИЧК директори; Б. Қўчқоров – Хазорасп туман 8-умумтаълим мактаби ўқитувчиси; И. Ғаффоров – Жиззах ВБ раиси; М. Ҳамдамова– ЎзКОЖ “Косонсой соҳили” МЧЖ иш юритувчиси.

Йиғилишда делегатлар томонидан Марказий назорат-тафтиш комиссиясининг ҳисобот давридаги иш фаолияти ижобий баҳоланиб, янги муддатга Қарши шаҳридаги 18-кўзи ожиз болалар махсус интернат-мактаби директори Қ. Ҳақбердиев МНТК раиси, Самарқанддаги 59-кўзи ожиз болалар махсус интернат-мактаби ўқитувчиси А. Абдуллаев, Фарғона ТТ раиси Ш. Иброҳимов, Андижон ВБ йўриқчиси О. Ёқубов, Бухоро ЎИЧК директори ўринбосари А. Саидовлар МНТК аъзолари этиб сайландилар. Шунингдек, Ҳ. Пўлатов, А. Мирҳамидов, Д. Султонов, Э. Норпўлатов ҳамда М. Аллаёровлардан иборат янги таркибдаги Устав комиссияси тузилди.

* * *

Қурултойдан сўнг ЎзКОЖ МБнинг I ташкилий Пленуми бўлиб ўтди. Унда А. Абдунабиев, О. Абдураҳимов, А. Мирҳамидов, Э. Норпўлатов, З. Раҳимова, Ҳ. Пўлатов, К. Шералиев, К. Элмуродов ва Қ. Шароповлар МБ Раёсати аъзолигига сайландилар.                             

 

Изох қўшиш

Химоя коди
Янгилаш