БИР САФДА

оммавий-ижтимоий ва адабий-бадиий журнал

Жумладан, 2014 йилда Олий Мажлис томонидан молиялаштирилган грант лойиҳалари асосида ЎзКОЖ МБ етакчилигида кўзи ожизлар учун “Инглиз тили сабоқлари” ҳамда “Бир Сафда” журнали таҳририяти ташаббуси билан кўриш бўйича ногиронлар реабилитациясига доир “Мустақил ҳаракатланиш кўникмалари” номли қўлланмаларнинг илк бор  ўзбек тилида брайль ёзувида нашр этилгани дарддошларимиз ижтимоий ҳаётида муҳим бурилиш бўлди, десак янглишмаймиз. Ушбу китобларнинг мазмун-моҳиятини кенг тарғиб этиш, улар билан жамоатчиликни атрофлича таништириш мақсадида ЎзКОЖ “Санъат гулшани” МЧЖ биносида жамият раҳбарияти, ЎзР Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, унинг ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти, махсус таълим муассасалари ва ахборот-ресурс марказлари вакиллари, шунингдек, оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳамда бир гуруҳ ёшлар иштирокида қўлланмалар тақдимотига бағишланган тадбир ўтказилди.

Тақдимотда дастлаб сўзга чиққан ЎзКОЖ раиси А. Абдунабиев тизимдаги ташкилотларнинг маҳаллий ва халқаро грант танловларидаги иштироки хусусида тўхталиб, биргина 2014 йилда жамиятга тегишли 8 лойиҳанинг Олий Мажлис жамоат фонди томонидан маъқуллангани, уларда белгиланган вазифалар ижросини таъминлашга салкам 90 млн. сўм маблағ ўзлаштирилганини мамнуният билан таъкидлаб ўтди. Тадбирга ташриф буюрган Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ижрочи директори А. Тўраев жорий йилда ННТлар ўртасида ўтказилиши режалаштирилган грант танловлари ҳақида маълумот берди. Таъкидланишича, давлатимиз бюджетидан ажратилган 10 млрд. сўмдан ортиқ маблағ ННТларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлашга йўналтирилади. Шундан 4 млрд. 750 минг сўм (47,5 фоиз) нодавлат нотижорат ташкилотларининг ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларини грант шаклида амалга оширишга сарфланиши белгиланган. Бунинг учун йил давомида Олий Мажлис томонидан 5 та грант танлови ўтказилиши мўлжалланган. Илк танлов “Кексаларни эъзозлаш йили давлат дастури” доирасида мамлакатимизда яшовчи уруш ва меҳнат фахрийлари, ёлғиз қариялар, ижтимоий кўмакка муҳтож фуқароларнинг турмуш даражасини яхшилашда ННТлар иштирокини кучайтириш мақсадини кўзлаб ташкил этилар экан, уни амалга оширишга 1,1 млрд. сўм маблағ ажратилган. Мустақил оммавий ахборот воситалари орқали мамлакатимизда юз бераётган демократик жараёнларни кенг оммага етказиш, юқоридаги давлат дастурининг бажарилиши устидан жамоатчилик назоратини ўрнатишга бағишланган кейинги танлов лойиҳаларини молиялаштириш учун 800 млн. сўм маблағ сарфланиши кўзда тутилган. Қолган танловлар доирасида жамоат бирлашмаларининг ёшларни баркамол шахс этиб тарбиялаш, жамиятда экологик маданият, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, шунингдек, фуқароларнинг ҳуқуқий онгини юксалтириш билан боғлиқ истиқболли дастурларни амалга оширишларига кўмаклашилади. Шундай экан, ЎзКОЖ ташкилотлари ушбу танловларда жамият олдида турган долзарб масалаларни ҳал этишга қаратилган лойиҳалари билан фаол қатнашишлари лозим.

ЎзР Президентининг 2012 йил 10 декабрдаги “Чет тилларини ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорининг ЎзКОЖ тизимида ҳам ижросини таъминлаш мақсадида тақдим этилган лойиҳа Олий Мажлис жамоат фонди томонидан молиялаштирилиши натижасида “Инглиз тили сабоқлари” китобининг кўзи ожизлар учун мўлжалланган махсус нашрлари амалга оширилди. Аниқроғи, у  лойиҳа ишига жалб қилинган мутахассислар кўмагида брайлча вариантда ҳамда заиф кўрувчилар учун йирик шрифтдаги ясси ёзувда 100 нусхада чоп этилди. Лойиҳа раҳбари О. Қурбоновнинг маълумот беришича, китоб муқовасига МП3 форматидаги диск жойлаштирилган бўлиб, ундан қўлланманинг ЎзКОЖ “Санъат гулшани” МЧЖ овоз ёзиш студиясида тайёрланган аудиоверсияси ўрин олган. Шунингдек, дискка кўзи ожиз фойдаланувчилар учун JAWS ёки NVDA овозли дастурлари орқали инглиз тилидаги матнларни ўқиш имконини берувчи Word форматидаги материаллар ҳам киритилди. 12 дарсдан иборат мазкур қўлланма инглиз тилининг грамматик қоидалари ва уларни ўзлаштиришга кўмаклашувчи машқлар, айни тилда мутолаа қилиш қобилиятини ўстирувчи матнлар ва  янги сўзлардан тузилган луғатлар ҳамда талаффуз меъёрлари-ю мулоқот қоидаларини шаклантиришга мўлжалланган диалоглардан таркиб топган. Машғулотлар жараёнида қўлланманинг босма ва аудио вариантидан биргаликда фойдаланиш кутилган натижани беради.

 “Бир Сафда” журнали таҳририяти томонидан “Ногиронлар реабилитацияси – соғлом турмуш омили” мавзусида тақдим этилган, Олий Мажлис жамоат фондининг 15 млн. сўмлик грант маблағи ҳисобидан амалга оширилган лойиҳа асосида “Мустақил ҳаракатланиш кўникмалари” услубий қўлланмаси дунё юзини кўрди. Бу хусусда тўхталган лойиҳа раҳбари И. Ражабовнинг билдиришича, кўриш қобилиятидан маҳрум кишиларнинг маиший мустақиллигини таъминлаш, уларга турмуш малакаларини сингдириш бу тоифа шахсларнинг умумжамиятга мослашуви ва интеграциялашувининг муҳим шарти ҳисобланади. Маълумки, юртимизда кўзи ожизлар реабилитациясига доир ўқув-услубий адабиётлар, хусусан, кўриш имконияти чекланган ёш авлодга кундалик маиший юмушларни ўргатиш бўйича тавсия характеридаги қўлланмалар ўзбек тилида брайль ёзувида деярли нашр этилмаган. Рус тилидан таржима қилинган манбалар асосида тайёрланган мазкур қўлланма брайлча вариантда 300, ясси ёзувда 500 нусхада алоҳида тўплам ҳолида чоп этилгани айни бўшлиқни бир қадар тўлдиришга хизмат қилди дейиш мумкин. Китоб муқаддима, кўзи ожизлар реабилитациясига оид 7 бобни ўз ичига қамраб олган. Жумладан, “Таом тайёрлаш, дастурхон безаш, дастурхон атрофида ўзни тута билиш маданияти” деб номланган бобда кўзи ожиз уй бекалари учун рўзғор ишларини мустақил уддалаш, ошхонада тўғри мўлжал олиш, таом тайёрлаш, байрам дастурхонини тузаш, шу билан бирга озиқ-овқат маҳсулотларини рисоладагидек сақлаш, уй-рўзғор буюмларини харид қилиш ва ишлатишда эътибор қаратилиши лозим бўлган жиҳатлар ҳақида қимматли йўл-йўриқлар ўз аксини топган. Китобда яна кундалик ҳаётда асқотувчи либослар парваришига доир кўникмаларга кенг ўрин берилган. Бунда кийим-кечакларни асраш, тозалаш, дазмоллаш, таъмирлаш билан боғлиқ махсус қоида ва кўрсатмалар ифодаланган. “Тикиш турлари” деб номланган бобда эса кўриш бўйича ногирон кишининг игнага ип ўтказиш, тугма қадаш, турли чокларни тикиш малакасига эга бўлиш сирлари баён этилган. Қўлланманинг кўриш имконияти чекланган шахслар кундалик турмушида муҳим зарурат саналмиш мўлжал олиш кўникмаларига бағишланган бобида турли кўринишдаги ҳассаларни қўллаш, мустақил ҳаракатланишда сезги аъзоларининг фаоллигини ошириш усуллари, шаҳар кўчаларида йўлни кесиб ўтиш, зинадан чиқиб-тушиш, ерусти ва ерости транспортларидан фойдаланиш қоидалари батафсил ёритилган. Мухтасар қилиб айтганда, қўлланмадан ўрин олган маслаҳат ва тавсиялар кўзи ожизларнинг ўз-ўзига хизмат кўрсатиш ҳамда мўлжал олиб юриш амалларини ўзгалар ёрдамисиз бажаришлари, кейинчалик кўриш қобилиятини йўқотган, ҳали ўз имкониятларига ишонч ҳосил қилмаган кишиларнинг ҳаёт қийинчилик ва тўсиқларини бемалол енгиб ўтишларига замин яратади. Шунга кўра, мазкур нашрдан турли ёшдаги кўриш ногиронларига оилада, реабилитация марказларида маиший мустақиллик кўникмаларини сингдиришга йўналтирилган йўриқнома ёинки махсус интернат-мактаблар, касб-ҳунар коллежларида ўқув-амалий дарслик сифатида фойдаланиш тавсия қилинади.   

Тадбирда иштирок этган Низомий номидаги ТДПУ ўзбек тилшунослиги кафедраси катта илмий ходим-изланувчиси М. Қурбонова Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги фан ва таълим технологияларини ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитасининг давлат амалий гранти лойиҳалари танловида ғолибликка эришган “Кўриш имконияти чекланган талабалар учун тилшунослик фанлари бўйича аудиокитоб таъминотини яратиш” лойиҳасининг мақсад-вазифалари, унинг доирасидаги амалий саъй-ҳаракатлар хусусида атрофлича тўхталди. Статистик маълумотларга кўра, бугунги кунда республикамизда мавжуд олий таълим даргоҳларида филология йўналишида таҳсил олаётган ногиронлар сони 656 нафарни ташкил этади. Уларнинг асосий қисми кўзи ожизлар ҳиссасига тўғри келади. Айни талабалар филологик билимларни ўзлаштиришда, асосан, конспектлаштириб олинган маълумотларга таянадилар. Аёнки, олий ўқув юртларида фойдаланиладиган ўқув-илмий адабиётларни брайлча вариантда чоп этишга кўп вақт ва салмоқли маблағ талаб қилинади. Бунда кўзи ожизлар учун аудиокитоблар қулай восита ҳисобланади. 2015 – 2017 йилларга мўлжалланган юқоридаги лойиҳа доирасида тилшунослик фанларига оид ўқув адабиётларни аудиоформатга ўгириш кўзда тутилган. Кўзи ожиз талабаларнинг илмий салоҳияти, саводхонлик даражасини ошириш мақсадида юртимизда сўнгги 10 йил давомида эълон қилинган тилшуносликка доир монографик тадқиқотлар, номзодлик ва докторлик диссертациялари ҳамда нуфузли илмий журналларда босилган мақолалар мазмунини, шунингдек, “Ўзбек тилининг имло луғати”даги 85 мингдан зиёд сўзнинг ёзилиш шакли ва талаффузини овозлаштириш режалаштирилган.

Лойиҳа бўйича бажарилган ишлар ҳақида сўз юритадиган бўлсак, 2015 йилнинг дастлабки чорагида “Санъат гулшани” МЧЖ овоз ёзиш студиясида профессор Ҳ. Жамолхоновнинг “Ҳозирги ўзбек адабий тили” дарслиги аудиокитоб шаклида тайёрланишига эришилди. Ҳозирда И. Йўлдошев ва бошқалар ҳаммуаллифлигидаги “Тилшунослик асослари” дарслигини овозлаштириш ишлари якунига етказилмоқда. Яқин келажакда яна матн тилшунослиги, социалингвистика каби фанларга оид ўқув адабиётларини “гапирувчи” китоб ҳолида талабаларга тақдим этиш мўлжалланган.

Қашқадарё ВБ раиси Ҳ. Пўлатовнинг эътирофича, тилшунослик фанларига оид билимларни ўзлаштиришга қаратилган грант дастури кўзи ожиз ёшларни янада чуқур илм олишга, ўз устида мустақил ишлашга ундаса, “Инглиз тили сабоқлари” қўлланмаси уларнинг хорижий тилларни пухта ўрганишига замин тайёрлайди. Ушбу китобнинг нафақат жойлардаги махсус ахборот-ресурс марказлари ва ЎзКОЖ ҳудудий бўлимлари, балки тизимдаги маҳаллий бўлинмаларга ҳам тарқатилиши уларда инглиз тили тўгаракларини ташкил этиш имконини туғдиради. “Мустақил ҳаракатланиш кўникмалари” қўлланмасига келсак, унинг аҳамиятини ўзгалар ёрдамига муҳтож кишилар, яъни ногиронлар кўпроқ англаб етадилар. Маиший мустақиллик тушунчаси соғломлар наздида бироз содда туюлиши мумкин. Аммо жисмоний имконияти чекланган шахс учун у зарур ҳаётий мақсад ҳисобланади. Зеро, ногирон киши турмушда маиший юмушларни бажаришда ўз-ўзидан мустақил бўла олмайди. Айниқса, ҳаётнинг кейинги босқичларида кўриш қобилияти йўқотилган бўлса, бу жараён анча қийин кечади. Узоқ йиллардан буён кўзи ожизлар ижтимоий реабилитацияси билан жамиятнинг маҳаллий ташкилотлари фидойилари баҳоли қудрат шуғулланиб келадилар. Кўзи ожизнинг оила аъзолари, яқинлари билан танишиш асносида уларга кўриш ногиронига турмуш кўникмаларини ўргатиш бўйича ўз тавсияларини берадилар. “Мустақил ҳаракатланиш кўникмалари” қўлланмаси бу борада муҳим манба бўлиб хизмат қилади. Ҳозирда кўзи ожизлар интернат-мактабларида педагоглар ўқувчиларни уй-рўзғор ишлари, ўз-ўзига маиший хизмат кўрсатишга ўргатиш борасида кўпроқ рус тилидаги манбалар ёхуд мавжуд тажрибаларга таянган ҳолда машғулот олиб борадилар. “Мустақил ҳаракатланиш кўникмалари” қўлланмаси айни ўқув жараёнида дарслик вазифасини ўташи билан қимматлидир. Шундай экан, уни махсус таълим муассасалари, жамиятнинг ҳудудий ва маҳаллий ташкилотларига етказиш, жойларда ЎзКОЖ аъзолари ўртасида қўлланма билан ишлаш бўйича семинар-тренинглар ташкил этиш зарур. Айни тадбирлар лойиҳанинг давомийлигини таъминлашга хизмат қилади.

Тақдимот йиғилишида яна ЎзР Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати О. Абдуллаев, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти етакчи мутахассиси Н. Ҳайдаров, Ногиронларни реабилитация қилиш ва протезлаш миллий маркази бўлим мудири Ш. Қосимов, Сурхондарё ВБ раиси Э. Норпўлатов ва бошқалар зикр этилган қўлланмаларнинг кўзи ожизлар учун илмий, касбий, реабилитациявий аҳамияти хусусида ўз мулоҳазалари билан ўртоқлашдилар. Тадбир сўнгида давлат ва ЎзКОЖ ташкилотлари, махсус таълим муассасалари вакилларига ташкилотчилар томонидан “Мустақил ҳаракатланиш кўникмалари” китобининг брайлча ва ясси вариантдаги нусхалари тақдим этилди.

Икром Ҳайит.

Изох қўшиш

Химоя коди
Янгилаш