БИР САФДА

оммавий-ижтимоий ва адабий-бадиий журнал

 

ҚУЙИ БЎҒИНДА САЙЛОВ

40мингдан зиёд кўриш бўйича ногиронларни ўз атрофида бирлаштирган ЎзКОЖ турдош ташкилотлар орасида ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий соҳалардаги намунали фаолияти билан алоҳида ажралиб туради. Жамият миқёсида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни сарҳисоб қилиш, маҳаллий тузилмалар фаолиятини атрофлича таҳлил этиш, мавжуд камчиликларни аниқлаш, қолаверса, кўзи ожизлар орасидан билимли, салоҳиятли кадрларни саралашда тизимимизда ҳар 5 йилда ўтказиладиган ҳисобот-сайлов анжуманларининг аҳамияти беқиёс. МБ Раёсатининг “ЎзКОЖ маҳаллий бўлинмаларида ҳисобот-сайлов жараёнларини ташкиллаштириш тартиби тўғрисида”ги Йўриқномаси, шунингдек, 2018 йил 30 мартдаги жамият VI Пленумининг 6-сонли қарори асосида Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар ҳудудий бўлимлари раёсатлари томонидан тасдиқланган иш режаси ва жадвалига мувофиқ ўтган йилнинг 1 июлидан 15 декабрига қадар тизимимиздаги 177 та туман (шаҳар) бўлинмаларида навбатдаги ҳисобот-сайлов йиғилишлари ўтказилди.Жойларда амалдаги ЎзКОЖ Устави, МТларнинг Низом талабларига қатъий риоя этган ҳолда демократик тамойиллар асосида ўтган айни тадбирларда 23885 та ЎзКОЖ аъзосидан 11902 нафар, яъни уларнинг 51 фоиздан ортиғи қатнашиши таъминланди. Жамият аъзоларининг сайловлардаги иштироки Қашқадарё, Наманган, Фарғона, Жиззах вилоятларида анча юқори, Қорақалпоғистон, Навоий, Хоразм, Бухоро ҳудудларида бироз паст кўрсаткични ташкил этди.

Баъзи ташкилий ва молиявий сабаблар туфайли Нурота, Конимех, Бойсун, Паркент маҳаллий бўлинмаларида ҳисобот-сайлов йиғилишлари декабрь ойининг сўнгги саналарида якунига етказилган. Хоразм вилояти Гурлан МТда ушбу муҳим ижтимоий-сиёсий жараённинг амалга оширилиши ҳанузгача кечиктирилаётгани ачинарлидир. Шаҳодат комиссиялари маълумотига кўра, маҳаллий бўлинма кенгаши (МБК) аъзолигига лойиқ кўрилган жами 883 нафар номзоднинг 390 таси ушбу жамоатчилик ишига биринчи маротаба жалб этилган шахслар ҳисобланади. ЎзКОЖ МБК вакилларининг 631 нафари эркаклар, 252 таси аёллардан иборат. Улар орасида 30 ёшгача бўлганлар 113 нафарни ташкил этади. Тошкент шаҳрида (51 тадан 2), Қорақалпоғистон Республикасида  (81 тадан 5) ва Хоразм вилоятида (40 тадан 3) сайланган ёшларнинг улуши бирмунча камлиги кузатилди. 492 нафари I, 380 таси II гуруҳ ногирони, 11 нафари соғлом кишилардан иборат кенгаш аъзоларининг 182 таси олий, 274 таси ўрта махсус, қолганлари ўрта маълумотга эга. Назорат-тафтиш комиссияси (НТК) аъзолигига сайланган 518 нафар жамиятдошимиздан 139 таси аёллар, 379 нафари эркаклар, 61 нафари 30 ёшгача бўлган ёшлардир. Биринчи маротаба ушбу вазифага сайланган 243 вакилнинг 84 нафари комиссия раиси ҳисобланади. Айрим ҳудудларда ёшларга етарли даражада ўрин берилмай, жумладан, Наманган, Навоий вилоятларида 2, Хоразмда биттадан вакил ёшлар ҳиссасига тўғри келган. Тошкент шаҳри бўйича эса 18-30 ёш оралиғидаги шахсларнинг биронтаси ҳам НТК таркибига киритилмаган. Комиссия аъзоларининг 243 нафари I, 266 таси II гуруҳ ногирони, 9 нафари соғлом кишилар бўлиб, уларнинг 102 таси олий, 177 таси ўрта махсус, қолганлари ўрта маълумотлидирлар.

Жамият фаолиятини ривожлантириш, кўзи ожизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш кўламини кенгайтиришда МТлар етакчиларининг хизмати катта. Навбатдаги муддатга сайланган маҳаллий бўлинмалар раисларининг 35 таси илк бор ушбу масъул вазифани ўз зиммасига олди. Шунингдек, йиғилишларда 630 нафар жамият аъзоси ЎзКОЖ ҳудудий конференцияларига делегат этиб сайланди. Уларнинг 317 нафари, яъни 51 фоизи 50 ёшдан ошган кишилар ҳиссасига тўғри келади. Конференцияларда қатнашган 18-30 ёш оралиғидаги кўзи ожиз йигит-қизлар умумий сайловчиларнинг 11 фоизига тенг бўлиб, бу ҳол уларнинг жамият ҳаётида тўлақонли иштироки таъминланмаётганидан далолат беради. Демак, ўсиб келаётган ёш авлодни жамиятга кенг жалб этиш, уларнинг ижтимоий фаоллигини оширишга кўмаклашиш маҳаллий ва ҳудудий ташкилотларнинг келгусидаги долзарб вазифаларидан саналади. Аёллар конференция делегатларининг 150 нафарини ташкил этиб, айниқса, Сирдарё, Қашқадарё, Андижон, Тошкент ВБ вакиллари орасида уларнинг улуши салмоқлидир.  

Сурхондарё, Самарқанд, Сирдарё ВБлари назоратидаги айрим маҳаллий бўлинмаларда ҳисобот-сайлов жараёни рисоладагидек ташкиллаштирилмагани ҳақида жамият аъзолари томонидан Марказий Бошқарув ва тегишли давлат идораларига ёзма мурожаатлар йўлланган. Хусусан, 2018 йил 6 декабрда Гулистон шаҳар бўлинмасида бўлиб ўтган навбатдаги ҳисобот-сайлов йиғини амалдаги ЎзКОЖ Устави, ВБ Низоми талабларига зид равишда ташкил этилгани, йиғилиш иштирокчилари рўйхати ва улар билан боғлиқ маълумотлар шакллантирилмагани, қолаверса, мажлис баённомасига тегишли аудио-видеоматериаллар илова қилинмагани каби камчиликларга йўл қўйилиши боис унинг натижалари бекор қилинди. Сирдарё ВБ Раёсатининг навбатдан ташқари йиғилишида айни масала муҳокама қилиниб, Гулистон ШБнинг ҳисобот-сайлов анжумани жорий йилнинг 20 февралида қайта ўтказилди. Шунингдек, ЎзКОЖ Нарпай туман бўлинмасида ўтган ҳисобот-сайлов йиғинида ҳам шу каби нуқсонли ҳолатлар кузатилиб, 2018 йил 29 ноябрда уни мавжуд меъёрий талаблар асосида қайта ташкил этишга эришилди.

Йиғилишлар давомида анъанага мувофиқ иштирокчилар учун тўкин дастурхон тузаш, уларга эсдалик совғаларини топшириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Айни мақсадлар учун ЎзКОЖ маҳаллий бўлинмалари ҳисобидан 137 млн. 920 минг, ҳомийлар томонидан 196 млн. 562 минг сўм маблағ сарфланди. Тизимда узоқ йиллар самарали меҳнат қилган 1830 нафар жамиятдошимиз маънавий жиҳатдан рағбатлантирилди. Бу борада Самарқанд вилояти бўлинмалари 1044 кишини айни рағбатдан баҳраманд этиш билан илғорлик кўрсатди. Таассуфки, Тошкент шаҳри, Сирдарё, Жиззах вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасидаги МТлар томонидан кўзи ожизларни моддий-маънавий рағбатлантириш ишлари амалга оширилмаган.

Бир сўз билан айтганда, тизимнинг қуйи бўғинида қизғин руҳда кечган  ҳисобот-сайлов жараёни мустақил кузатувчи ва ҳамкорлар томонидан юқори баҳоланди. Унга доир маълумотлар оммавий ахборот воситалари орқали кенг жамоатчиликка етказиб борилди. Галдаги вазифа бунда йўл қўйилган камчилик ва нуқсонларни бартараф этиш, кўзи ожиз ёшлар ва хотин-қизлар фаоллигини ошириш, раҳбар кадрларни замон талабига мос равишда тайёрлаш, тизимдаги амалий жараёнларда жамият аъзоларининг хоҳиш-иродаси, орзу-умидини рўёбга чиқаришдан иборат.

Эргаш НОРПЎЛАТОВ,

ЎзКОЖ раисининг 1-ўринбосари.

Изох қўшиш

Химоя коди
Янгилаш